АТ “Халқ банки” Навоий вилоят минтақавий марказида коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Минтақавий марказда коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат ва комплаенс хизмати ташкил этилган бўлиб, мазкур хизматда фаолият юритаётган ходимлар “Коррупцияга қарши курашишни бошқариш тизимини жорий этиш” халқаро стандарти талаблари бўйича ўқитилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни талаблари доирасида АТ “Халқ банки” Навоий вилоят минтақавий маркази ва банк хизматлари марказларида банк филиаллари ходимларининг манфаатлар тўқнашуви йиллик декларацияларини таҳлил қилиш, “Манфаатлар тўқнашуви реестри”ни шакллантириш ҳамда реал манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
–АТ “Халқ банки” Навоий вилоят минтақавий маркази ва банк хизматлари марказлари, банк филиалларида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида алоқа, телеграмм бот каналлари, “Ишонч телефон”лар, шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида эса коррупцияга қарши курашиш бўйича саҳифа ташкил этилган.
Банкимизда кредитлаш жараёнларига скоринг тизими жорий қилиниб, у орқали Давлат солиқ қўмитаси ва кредит бюросидан олинадиган маълумотлар асосида мижозларнинг кредитга лаёқатлилигини автоматлаштирилган тартибда баҳолаш амалиёти йўлга қўйилган,– дейди Ички назорат ва комплаенс хизмати минтақавий менежери Бекзод Ботиров. – Кредит ажратиш жараёнларига инсон омили таъсирини камайтириш мақсадида барча турдаги чакана кредитларни (микроқарз, таълим ва овердрафт кредитлар) банкларнинг мобил иловалари орқали онлайн тарзда ажратишни жорий қилиш орқали ушбу амалиётлар тўлиқ рақамлаштирилган. Банк хизматларини рақамлаштиришнинг яна бир йўналиши сифатида мижозларга банк ҳисобварақларини масофадан идентификация қилиш орқали очиш, банк ва тўлов хизматларидан онлайн режимда масофавий тарзда фойдаланиш имконини берувчи рақамли биометрик идентификация қилиш тизими жорий қилинган.
Банкда корпоратив мижозларга инвестицион кредитларни андеррайтинг тизими асосида ажратиш амалиётга татбиқ этилди. Ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши кредит ажратиш жараёнларида якка тартибда қарорлар қабул қилиш, мижоз билан келишиш ҳамда ҳужжатларни сохталаштириш каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, мижозларга хизмат кўрсатишда замонавий АTдан фойдаланиш орқали инсон омили билан боғлиқ коррупциявий хавф-хатарларни янада камайтириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон омилини камайтириш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида банкнинг “Xazna” мобил иловаси орқали фуқароларга онлайн тарзда омонатлар қўйиш ва ушбу омонат маблағларини тасарруф қилиш, барча турдаги коммунал тўловларини тўлаш ҳамда бошқа бир қатор банк хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири