Тараққиётнинг илдизига болта урувчи энг хавфли иллатлардан бири бу шубҳасиз коррупциядир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга урғу берилмоқда. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати кучайтирилиб, адолатли, шаффоф тизим ишга туширилмоқда. Ҳар бир давлат идораси бунинг учун масъул этиб белгиланиб, коррупция бўйича турли тренинглар ўтказилиб келинмоқда.
Куни кеча Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, ҳудудларда тарғибот ишларини самарали ташкил этишга қаратилган семинар-тренинг ўтказилди.

Машғулотлар давомида иштирокчилар ҳужжатлар билан тўғри ишлаш, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиблари, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Шунингдек, тадбирда вилоят бошқармаларида фаолият юритаётган коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорати бўйича масъул ходимлар ҳам қатнашди.
Қолаверса, семинар-тренингда Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Стратегик таҳлил ва тараққиёт олий мактаби раҳбар ҳамда мутахассислари ҳам иштирок этиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини баён этишди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, соҳага доир ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Шербек Исломов,
ЎзА