Давлат органлари фаолиятига коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда.
Бош прокуратура томонидан Адлия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарал и, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда “KPMG” халқаро компанияси экспертлари иштирокида бир қатор ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизими жорий этилмоқда.
Қурилиш, Олий ва ўрта-махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Мирзо Улуғбек ва Бўка туманлари ҳокимликларида бу жараён давом этмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш борасида кутилган натижага эришиш учун самарали ички назорат тизими, яъни комплаенс назорат йўлга қўйилиши лозим.
Комплаенс назорат тизимигина муайян вазирлик ёки идорада коррупция хавф-хатарларини, суиистеъмолчиликларга шароит яратиб берувчи омилларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш имконини беради.
Фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳам ушбу тизим амалда ҳал этиши керак бўлган муҳим вазифадир.
Шу билан бирга, мазкур тизим коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро стандартлар ҳамда идоравий чора-тадбирларни амалга самарали тадбиқ қилишга, шунингдек ходимлар томонидан касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
“KPMG” ҳалқаро компанияси экспертлари томонидан мазкур тизимни жорий этиш тўрт босқичда, қатъий график асосида амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда биринчи босқич, яъни экспертлар томонидан соҳаларга оид норматив ва идоравий ҳужжатларни ўрганиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш ишлари якунланмоқда.
Жумладан, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигида соҳага тегишли 76 та норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлари ўрганилди. 39 нафар масъул ходим билан суҳбат ўтказилиб, коррупция хавфи юқори бўлган 8 йўналиш таҳлил қилинди.
Шунингдек, қурилиш соҳасига оид 55 та норматив - ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлари ўрганилиб, коррупция хавфи юқори бўлган 8 йўналиш таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Мирзо Улуғбек ва Бўка туманлари ҳокимликларида тармоқнинг 50 дан ортиқ норматив - ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлари ўрганилди. 60 нафар масъул ходим билан суҳбат ўтказилди.
Таҳлиллар мазкур давлат органлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, идоравий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва самарали тадбиқ қилиш, ходимлар томонидан касбий одоб - ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва харид қилиш тартиб-таомиллари каби чоралар етарли йўлга қўйилмаганини кўрсатди.
Шу боис, таҳлил натижалари бўйича мазкур давлат органларидаги коррупция омилларини бартараф қилиш ва фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган юздан ортиқ таклифлар тайёрланди.
Шу билан бирга, мазкур чора-тадбирлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигида жорий йилнинг 2 октябридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 5 штат бирлигидан иборат Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизмати ташкил қилинди.
Жорий йилнинг 6-11 ноябрь кунлари “KPMG” экспертлари билан мазкур давлат органларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари ўртасида комплаенс назорат тизимини жорий этишнинг биринчи босқич якунларининг муҳокамалари бўлиб ўтди.
Муҳокамалар давомида “KPMG” экспертлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили мазкур давлат органларида коррупцияга қарши кураш ҳалқаро стандартлар ва амалиётларни самарали жорий этишга имкон беришини, натижада уларнинг фаолияти шаффофлиги ва бошқарув даражаси ошиши таъкидлаб ўтилди.
Учрашувлар якунида мазкур давлат органларида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш ишларининг кейинги босқичида амалга ошираладиган чора - тадбирлар келишиб олинди.
ЎзА