Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов маълум қилди.
Унда таъкидланганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан комплаенс назорат тизими орқали ҳар қандай коррупция кўринишининг олдини олиш, соҳада бу иллатни йўқ қилиш, аниқланган ҳолатлар юзасидан зарур чоралар кўриш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жамиятнинг Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан 2024 йилнинг тўққиз ойи давомида аниқланган 20 та текширув ҳужжати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилди. 11 та текширув ҳужжати бўйича жавобгар шахслардан ундириш чоралари кўрилди.
Текширувларда аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан 53 нафар масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган бўлса, 18 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
– Шунингдек, ушбу даврда жамият тасарруфидаги заводлар, бошқармалар ва корхоналарда аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 28 нафар ходим бошқа лавозимларга ўтказилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятида потенциал санкциявий чекловларнинг олдини олиш учун хорижий ҳамкорлар билан муносабатларда хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмоқда. Жамиятнинг харид шартномаларини тузиш билан боғлиқ масалаларда санкциявий рўйхатларда мавжуд бўлган чет эл корхоналари аниқланиб, масъулларга тегишли хулосалар тақдим этилди. Шунингдек, алоқа каналлари орқали келиб тушган 78 та ариза ва шикоятга тегишли жавоблар йўлланди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ коррупцияга қарши курашишда 90 балл тўплаб, ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорига кўтарилди. 55 нафар раҳбар ва ходим “ISO 37001:2016” сертификатини қўлга киритди, – деди М.Ибодов.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА