Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолияти такомиллаштирилади
11:56 / 2021-12-10

Коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун жиддий хавф-хатарлардан бири. Занг темирни емиргани каби, коррупция жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона. Бугунги даврда ҳеч бир давлат коррупциядан холи эмас. Аммо унга қарши курашмаслик фалокатга элтади. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши таъкидланган.

Шубҳасиз, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, муайян давлатда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг иқтисодий-маънавий таназзулига, халқаро майдонда обрў-эътиборининг сусайишига олиб келади.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда бу иллатга қарши муттасил кураш олиб борилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида дунё мамлакатларидаги коррупциявий ҳолатларни баҳолаб борувчи “Transparency International” халқаро ташкилотининг  «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 2020 йил якунларига кўра  146-ўринни эгаллаб, 2019 йилга нисбатан 7 поғонага юқорилади ва бу билан мамлакатимиз сўнгги 5 йилда ўз кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартираётган кам сонли давлатлар қаторига кирди.Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Коррупцияга қарши кураш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси 4-раунд мониторинги натижаларига кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича берган тавсиялари асосида барча йўналишларда ўсишга эришган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашишга жамоатчиликни жалб этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик бўйича ҳали бажарилиши лозим бўлган ишлар бор. 
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чоралари ҳақида»ги қарори соҳада молиявий, ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштиришга қаратилган. Қарорга биноан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олдига  бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликни таъминлашга оид материалларни тайёрлаш учун буюртмалар бериш;нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларини ҳамда бу борада ўтказиладиган тадқиқотлари ва ижтимоий сўровларини молиялаштириш;коррупцияга қарши курашиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш. Коррупцияга қарши курашиш агентлигида унга юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2022 йил 1 январдан бошлаб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади. Биринчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид маълумотларни олиш ҳуқуқига, иккинчидан, тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиш ҳуқуқлари берилмоқда.  Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятлар борасида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги тартиблари ўрнатилади: а) оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар бўйича – ўн кун муддатда; б) бошқа коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида – ҳамкор органлар билан келишувга кўра ҳар чорак ёки ярим йиллик якунлари бўйича; в) коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида – йил якуни бўйича.
Жамғармага республика бюджетидан 2021 йил учун 1,8 млрд. сўм ажратилади. 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Агентликнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджети параметрларида алоҳида модда билан зарур маблағлар йўналтирилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Мазкур Низом доирасидаги ўзаро алоқалар тегишли индивидуал 
ва тизимли ишлар бўйича маълумот алмашиш, электрон маълумотлар базаларига кириш, қўшма ишчи гуруҳларини тузиш, биргаликдаги ўқув ва илмий-тадқиқот ҳамда бошқа тадбирларни ҳамкорликда ўтказишни ўз ичига олади.
Қарорга мувофиқ, агентлик 2022 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи туну-кун фаолият юритадиган “Call-марказ»ни ишга туширади. Чунки ҳар биримиз бу масалада ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз зарур.

Бефарқ, лоқайд бўлар эканмиз, тараққиётга тўғоноқ бўлаётган бу иллатдан халос бўлолмаймиз.

Тошпўлат Матибаев, 
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, профессор