Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши кураш: жамоатчилик назорати ва матбуот
14:25 / 2022-11-11

Бухорода Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури қўшма танлови асосида “Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва унда матбуотнинг ўрни” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Анжуманни Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева олиб борди. Кун тартибида муҳокама қилинган долзарб мавзу юзасидан  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, Сенат аъзоси Абира Ҳусейнова, вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Отабек Музаффаров, ZOOM тартибида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Баҳром Бурҳониддинов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги маслаҳатчиси Хачик Харутюнян, Инсон ҳуқуқи маданияти маркази директори Ихтиёр Умаров, БМТ Тараққиёт дастури коррупцияга қарши курашиш лойиҳаси  -компонент раҳбари Нодира Зикриллаеваларнинг маърузалари тингланди.  

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг асосий ҳужжати ҳисобланган Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган муҳим мақсадлар, “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури” долзарб аҳамиятга эга.  

[gallery-9516]

Энг аввало, юртимизда коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Президентимизнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, муболаға бўлмайди. Зеро, Президент 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”.  

Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида коррупцияга батамом чек қўйиш бўйича ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан тизимли чора-тадбир ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Коррупция ҳолатлари кўп қайд қилинаётган соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг амалга оширилиши, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда “комплаенс назорат” тизими йўлга қўйилганлиги фикримизни тасдиқлайди. Бироқ бу борада кўзланган натижаларга ҳали тўлиқ эришилмади.  

Афсуски, айрим раҳбарларнинг ўз шахсий манфаатини жамият манфаатидан устун қўйиши ислоҳотлар йўлига тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда Коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омиллар, жумладан, ишга жойлаштириш, кредит ва ер ажратиш, уй-жой олиш ва тадбиркорликка кўмаклашиш ниқоби остида пора талаб қилиш каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди.  

Семинарда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги амалиётлар, жумладан, коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизими, коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашишлари учун уларни тизимли равишда ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз борди. Бинобарин, 2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун имзоланган. Бу ҳужжатнинг мақсад-моҳияти коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”, “манфаатлар тўқнашуви” каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш баробарида, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилган.  

Албатта, амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг ва долзарблиги билан ажралиб турибди. Ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар талайгина. Умуман, коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва унда матбуотнинг ўрни хусусида сўз борган анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари соҳанинг масъул мутасаддиларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Келгусида ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятни кенгайтириш юзасидан келишиб олинди.  

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА