Бухоро вилояти солиқ бошқармасида Шахсий хавфсизлик бўлими ташаббуси билан бошқарма раҳбарияти иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш – устувор вазифа” мавзусида тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда ZООМ платформаси орқали шаҳар ва туман солиқ инспекцияларининг барча шахсий таркиби ҳам қатнашди.
Солиқ хизмати органларида коррупция хавфини камайтириш, бу каби ҳолатларини олдини олишга қаратилган мазкур профилактик тадбирда дастлаб 2025 йил давомида вилоят ҳамда республика бўйлаб кузатилган салбий ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари билан таништирилди.

Мулоқот давомида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, хизмат ваколатлари доирасидан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланмаслик ҳамда бу каби салбий ҳолатларга нисбатан кўриладиган чоралар кескин бўлиши ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Д.Юлдашев ходимларга ҳалоллик ва қонунийлик тамойилларига асосланган фаолият юритиш зарурлигини таъкидлади. Коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик барча раҳбар ва ходимларнинг шахсий жавобгарлиги эканини алоҳида қайд этди.

Тадбир якунида солиқ соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашувлардан кўзланган асосий мақсад солиқ органлари ходимларини “ҳалоллик” тамойили асосида иш юритишга чорлаш ва уларни турли хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.