English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши кураш: Олий таълим тизимида қандай натижаларга эришилмоқда?
17:34 / 2021-12-29

Олий ўқув юртлари мамлакат таълим тизимида етакчи бўғиндир. Чунки Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамловчи миллий бойликнинг ўсишига имкон яратувчи, замон талабига мос кадрлар шу тизимда яратилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон олий таълим тизимида ислоҳотлар ўтказила бошланди. Бироқ бу ислоҳотлардан кўзланган натижалар кутилган самарани бермади. Бунинг асосий сабабларидан бири тизимда коррупция ҳолатининг кенгайиб борганлигидир.
Ўзбекистонда замонавий олий таълим тизими собиқ совет иттифоқида даврида шаклланган ҳамда унинг ижобий ва салбий хусусиятларини ўзида сақлаб қолган эди. 

Ривожланган, бозор иқтисодиётига асосланган мамлакатлардан фарқли равишда бутун совет иттифоқида, жумладан Ўзбекистондаги олий таълим тизимида ҳам таҳсил олувчиларнинг аксариятини билим олиш, тажриба ошириш эмас, ҳужжатга эга бўлиш қизиқтирган. Оқибатда коррупцион тизимлар пайдо бўлган. Бунда энг кенг тарқалган ва коррупциянинг асосий объекти бўлган жараён абитуриентларни олий таълим тизимига қабул қилиш жараёни эди. Бунинг бир қатор сабаблари бор, биринчидан, инсон омили, субъектив таъсир усулларининг кучлилиги, танлаб ва саралаб олиш механизмининг самарасизлиги бўлса, иккинчидан, битирувчиларни қамраб олиш даражасининг жуда пастлиги, яъни ўринлар сонини чекланганлигидир. 

Олий таълим муассасаларига киришда синов имтиҳонлари унинг таркибидаги мутахассислар томонидан амалга оширилган. Айнан шу ҳолат бу босқичда коррупцияни, таниш-билишлик, тамаъгирлик, порахўрлик каби иллатларнинг авж олишига сабаб бўлган. Билим даражаси етарли бўлмаган, бироқ пора эвазига олий маълумот олишни истайдиганлар, шахсий манфаатдорлар учун имконият вужудга келган. Оқибатда нолойиқ абитуриентлар университет ва институт талабаси бўлган. Совет ҳукмронлиги даврида шаклланган бу ҳолат кейинги йилларгача салбий таъсир этиб келган эди.

Совет ҳукумати миллий кадрлар тайёрлаш масаласида нотўғри сиёсат олиб борганлиги сабабли, жаҳон андозаларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрловчи илмий ўқув муассасалари асосан марказда жойлашган бўлиб, иттифоқдош республикалардан бу даргоҳларга чекланган миқдордаги талабалар қабул қилинган. Оқибатда сунъий равишда иттифоқдош республикаларда ноёб ихтисосликка эга мутахассис кадрлар етишмаслиги келиб чиқар, бунга жавобан Марказ «ўз кадрларини ҳиммат қилиб» турган.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бундай муаммоларга чек қўйиш мақсадида бир қатор ўқув юртларининг мақоми, дастурлари ва таълим услублари бутунлай ўзгартирилди. Шу пайтгача бўлмаган энг зарур ихтисосликлар бўйича алоҳида замонавий университет ва институтлар, жумладан, Мудофаа вазирлиги қошида Ҳарбий академия, Ички ишлар вазирлиги қошида Ички ишлар академияси, Банк молия академияси, Тошкент авиация институти, Навоий тоғ-кончилик институти каби ўнлаб янги ўқув муассасалари ташкил этилди. Вилоятларда ҳам янги ўқув юртлари ташкил этилди. Президентнинг 1992 йил 28 февралда «Республиканинг янги олий ўқув юртларини ташкил қилиш тўғрисида»ги Фармонига биноан 8 та вилоятдаги педагогика институтларига Университет мақоми берилди.

Кириш имтиҳонларида адолатни таъминлаш мақсадида 1992 йилдан синов тариқасида имтиҳонларини тест шаклида амалга оширилди. 1993 йилдан тест шаклида абитуриентлардан имтиҳон олиш тартиби (алоҳида иқтидор талаб қилмайдиган таълим йўналишларидан ташқари) тўлиқ татбиқ этилди. Дастлабки йилларда бу яхши натижа берган бўлса-да, кейинчалик коррупциялашди. 1992 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон аҳолиси сони деярли бир ярим баробардан ошган бўлса-да, ўқувчиларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш сони нисбатан кам ўзгарди. Бу чекланган ўринлар учун курашда коррупцияни яна ҳам кучайишига олиб келди.

Коррупция мамлакат тараққиётининг кушандаси сифатида унинг ривожланишига тўсқинлик қилиб келади. Мустақилликнинг сўнгги йилларида коррупцияга қарши курашиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Республикамиз фуқаролари бунинг гувоҳи бўлиб туришибди. Бунга мисол сифатида коммунал хизматларнинг юритилишидаги ўзгаришлар, банк соҳасидаги ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳукумат ва мансабдор шахсларга мурожаати ва ҳоказолар. Оддийгина иш ҳақининг пластик карточкадаги қисмини нақд пулга алмаштиришдаги муаммоли ҳолатларни кўрмаганлар, эшитмаганларга бу ҳақда айтсангиз, «эртак», деб ўйлашлари мумкин. Коррупцияни бартараф этиш борасидаги ислоҳотлар жадал амалга оширилган соҳалардан бири айнан олий таълим тизими бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган асосий ўзгаришлардан бири олий таълим муассасаларига қабул қилиш квоталари сонининг оширилиши бўлди. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили босқичма-босқич битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш ошириб борилмоқда. 2016 йилда қамраб олиш кўрсатгичи 9 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда деярли 30 фоизга етиб борди. 2016/2017 ўқув йили учун бакалаврларни 57907 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 19120 ва тўлов-контракт асосида – 38787 нафар, магистрларни 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1548 ва тўлов-контракт асосида – 3452 нафар миқдорида режалаштирилган. 2021/2022 ўқув йили учун бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига — 113 530 нафар, сиртқи таълим шаклига — 37 675 нафар, кечки таълим шаклига — 6 550 нафар, магистрлар тайёрлаш бўйича — 12 900 нафар, филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича — 500 нафар этиб режа тасдиқланди.

Олий таълим муассасаларига қабул учун квоталар миқдорининг кўпайиши ўз-ўзидан ўқишга кириш имкониятларини кенгайтиради ҳамда буни ноқонуний тарза ўқишга кирмоқчи, коррупцияга йўл қўймоқчи бўлганлар сонини камайишига ижобий таъсир қилади. Аниқроқ қилиб айтганда, иккиланаётган, «нима бўлар экан», деб ўйлаётган абитуриентларга ўзига ишончни кучайтирмоқда.

Олий таълимдаги қабул жараёнида коррупцион ҳолатларни юзага келишини олдини олиш мақсадида 2017 йилдан яна бир ўзгариш киритилди. Бунда белгиланган квотадаги ўринларга бали етмаган абитуриентлар учун орттирилган контракт тўловини амалга ошириш орқали талабаликка қабул қилиш механизми жорий этилди. Олдинги йилларда режада берилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилганлар орасидан айрим абитуриентлар тўловни амалга оширмаганлиги сабабли бўш қолган ўринларга баллар кетма-кетлиги асосида кейингилар тавсия этилган. Ўз навбатида бу ҳам ноинсоф шахслар томонидан коррупцион вазиятларни юзага келтирар эди. Эндиликда қонуний белгилаб қўйилган тартиб асосида қўшимча ўринларга ўқишга кириш имконияти пайдо бўлди.

Шунингдек, тест синовлари амалга оширилаётган вақтда абитуриентларга ноқонуний «ёрдам қилувчилар» фаолиятига чек қўйилиши ҳам коррупцияга қарши асосий тадбирлардан бири бўлди. Шу мақсадда 2018 йилдан тест синовларини махсус тайёрланган катта павильонлар, залларда шаффоф ва адолатли ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, имтиҳон жараёнларини on-line ҳамда телевидение орқали кузатиб бориш тартиби жорий этилди, жамоатчилик назорати кучайтирилди. Абитуриентлар тест синовларидаги натижаларини бир кунда билиш имкониятига эга бўлди.
Талаб юқори бўлган таълим йўналишларига кириш баллари жуда юқори бўлганлиги учун айрим иқтидорли абитуриентлар юқори балл олса-да, талаба бўлиш имконияти чекланиб қолаётган ҳолатлар жуда кўп учрамоқда эди. Билимли, изланувчан абитуриентларга талаба бўлиш имкониятини ошириш мақсадида муҳим янгилик амалиётга татбиқ этилди. 2019 йилдан абитуриентларда бир нечта йўналишга ариза топшириш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ўз навбатида билимли абитуриентларни бир йўналишда бали етмаса, бошқасига кириши учун шароит яратди. Ҳозирги кунда эса ҳар бир абитуриентга имтиҳон бўладиган фанлар мажмуасига хос бўлган бештагача йўналишни танлаш ҳуқуқи берилган.

Республика ҳукумати томонидан 2019 йилдан олий таълим соҳасида коррупцияга қарши кураш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Коронавирус пандемияси ҳаётимизга турлича таъсир кўрсатди. Хизмат кўрсатиш ва савдодаги каби таълим тизимида ҳам интернет тармоғидан кенг фойдалана бошланди. Давлат таълим муассасаларида ҳам онлайн дарс машғулотлари, масофавий таълим йўлга қўйилди. Олий таълимга ҳужжат топшириш тўлиқ онлайн шаклга ўтказилди. Бу ўзгариш ҳам ўз навбатида жуда кўплаб бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатларга барҳам берди. Ортиқча қоғозбозлик тўхтатилиб, ҳужжат топшириш жараёнида шаффофлик таъминланди. Бу ислоҳот аҳолига қуйидаги имкониятларни яратди: биринчидан, платформа туну-кун ишлайди, абитуриент ўзига маъқул вақтда ариза топшириши мумкин; иккинчидан, ҳужжат топшириш учун бирор бир муассасага бориш шарт эмас, исталган жойдан ариза бериш имконияти бор; учинчидан, кўплаб ортиқча ҳужжатлар (соғлиги ҳақидаги, ҳарбий хизматга алоқадорлиги, иш ва яшаш жойи тўғрисидаги маълумотномалар, паспорт нусхалари, расм) шарт эмас; тўртинчидан, узоқ ҳудудлардагилар сафар харажатларини қилиб, пойтахтга ёки вилоят марказларига келишмайди, шунингдек, тест синовларини ҳам ўзи танлаган ҳудудидан топшириши мумкин.

Ўзбекистоннинг истиқлолга эришиши бошқа соҳалар қатори таълим тизимидаги ислоҳотларни ҳам мустақил амалга ошириш имконини берди. Мамлакатимизда жуда кўплаб олий таълим муассасалари вужудга келди. 

Таълимда рўй бераётган салбий ҳолатларнинг оқибатлари барчага бирдек тааллуқлидир. Нолойиқ педагог билимсиз ўқувчини тарбиялайди, малакаси етарли бўлмаган табиб касалликни енга олмайди, билимсиз архитектор бунёд этган бино ва иншоотлар қисқа вақтда барбод бўлади. Шунинг учун ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётга татбиқ этиш борасида фаол фуқаролик позициясида бўлиб, атрофдагиларни ҳам огоҳлантиришимиз, бефарқ бўлмаслигимиз керак.


Муҳаммаджон Алихонов,
Наманган муҳандислик-технология институти