Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши кураш муаммолари таҳлил қилинди
15:57 / 2023-11-03

Пойтахтимизда “III Тошкент Аксилкоррупция форуми” бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, АҚШ давлат департаменти Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда ўндан зиёд давлатнинг соҳага масъул идоралари, шунингдек Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа ҳамкор тузилмалар етакчи экспертлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чоралар ҳамда эришилган натижаларни маҳаллий ва хорижий шериклар, кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, келгусида амалга ошириладиган ишлар, янги истиқболни белгилаб олишдан иборат.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши Раиси Танзила Норбоева видеомурожаат билан очиб берди.

Тадбирда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов,  Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Йоахим Фриц, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси раҳбари Жонатан Хеник, Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан, БМТ Тараққиёт дастури доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Файёд Қарман сўзга чиқди.

Нотиқлар коррупция муаммосига ечим топишда халқаро миқёсда кучларни бирлаштириш, яқин ҳамкорлик қилиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Анжуманнинг долзарблиги ушбу йўналишда янги таклиф, ташаббуслар илгари суриладиган майдон вазифасини ўташи билан боғлиқлиги айтилди.

Ялпи мажлисда халқаро ва хорижий амалиёт, илғор тажриба мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамияти, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига бағишланган тақдимотлар қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Минтақавий платформани ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур платформа Марказий Осиё давлатлари томонидан БМТ Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидасини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Платформа фаолияти самарали профилактик чора-тадбирлар, хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш ва ушбу салбий ҳолатга қарши курашиш, активларни қайтариш, халқаро ҳамкорлик каби йўналишларни қамраб олади.

Анжуман “Ахборотдан фойдаланиш коррупциянинг олдини олишдаги самарали усул сифатида”, “Коррупцияга қарши курашиш идоралари томонидан давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш” ҳамда  “Коррупцияга қарши таълим ва тарбия – коррупциянинг олдини олиш механизми сифатида” номли учта сессияда давом этди.

Биринчи мавзу бўйича Эстония, Финляндия, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ТД раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан соҳага доир ислоҳотлардан жамоатчиликни хабардор этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмини яратиш, очиқ маълумотдан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумотлар тақдим этилди.

Иккинчи сессияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган экспертлар ўз мамлакатлари мисолида фикр ва тажриба алмашди. Шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти вакиллари иштирокида мавзуга оид муҳокамалар бўлиб ўтди.

[gallery-14374]

Учинчи мавзу доирасида Малайзия, Қатар, Гонконг, Европа Кенгаши вакиллари маъруза қилишди. Мунозара чоғида коррупцияга қарши курашда таълимнинг ўрни алоҳида таъкидланди. Бу борада юртимизда олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.

Иштирокчилар коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳати, истиқболи, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосини янада такомиллаштириш, ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш масалалари эътибор маркказида бўлди.

Анжуман доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси, нодавлат нотижорат ташкилотларида соҳага оид жамоатчилик назорати шакли мавзуларида интерактив муҳокама бўлиб ўтди.

Мулоқот якунида амалдаги коррупцияга қарши курашиш ва мазкур иллатнинг олдини олиш сиёсатини янада такомиллаштириш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклиф, тавсиялар берилди.

Саидмурод Раҳимов, Носиржон Ҳайдаров, ЎзА мухбирлари