Қашқадарё вилоятида жойлашган “Шўртан газ кимё мажмуаси”да “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда устувор вазифалар хусусида маълумот берилди. Ушбу масалалар бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Коррупцияга қарши ички назорат департаменти бошлиғи Алишер Давланов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида жамиятда коррупцияга қарши ички назорат тизимини мустақил ва самарали ташкил этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини KPI асосида баҳолаш тартиби жорий этилди, ҳуқуқий эксперимент доирасида тегишли низомлар тасдиқланди.
Шунингдек, жамиятнинг Молиявий ва комплайнс назорат департаменти коррупцияга қарши ички назорат департаменти сифатида қайта ташкил этилиб, унинг бўйсунуви кузатув кенгашига ўтказилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 ойи давомида харид жараёнлари доирасида 5 минг 600 дан ортиқ шартнома ва ҳужжат белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан 22 та ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Кадрлар билан ишлаш жараёнида 163 нафар номзод ўрганилиб, айрим ҳолатлар бўйича салбий хулосалар берилди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида 5 мингдан ортиқ декларация қабул қилиниб, аниқланган 17 та реал ҳолат бартараф этилди. Бу жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш учун DOCFLOW электрон тизими орқали декларацияларни онлайн тўлдириш амалиёти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жамиятда ISO 37001:2016 халқаро коррупцияга қарши бошқарув тизими сертификати аудит назоратидан муваффақиятли ўтказилди, “World-Check” платформаси орқали контрагентларни текшириш амалиёти жорий этилди.
[gallery-26735]
Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг иштироки муҳимлиги таъкидланиб, ОАВ вакиллари иштирокида пресс-турлар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилаётгани қайд этилди.
Тадбир доирасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида иштирокчилар учун завод бўйлаб экскурсия ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари