Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши кураш кенг жамоатчилик ишидир
17:24 / 2025-12-10

Навоий вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекциясида коррупциянинг олдини олиш, ходимлар ўртасида ҳалоллик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Соҳада коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, давлат хизматчилари фаолиятида адолат, очиқлик ва қонунийлик принципларига риоя этишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда инспекция таркибий бўлимлар бошлиқлари, ҳудудий инспекторлар ҳамда мутахассислар иштирок этди. 

Семинарда сўзга чиққан инспекция бошлиғи А.Турдиев, вилоят ИИБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи Қ.Сайфуллаев ва бошқалар бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш нафақат қонунчилик талаби, балки ҳар бир давлат хизматчисининг шахсий масъулияти эканини таъкидлади.

Коррупцияга йўл қўймаслик, манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш ва хизматда ошкораликни таъминлаш давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Шу сабаб, профилактик чора-тадбирларни доимий равишда ташкил этиш, ходимлар ҳуқуқий билимини ошириш ва уларнинг хизмат маданиятини яхшилаш давлат хизмати самарадорлигини оширувчи асосий омиллардан ҳисобланади.

– Давлат хизматини рақамлаштириш жараёнларини жадал татбиқ этиш коррупциявий хатарларни камайтиришда муҳим ўрин тутади, – дейди Навоий вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бошлиғи А.Турдиев. – Электрон хизматлар, автоматлаштирилган назорат тизимлари ва очиқ маълумотлар платформаларининг кенгайтирилиши улар орқали содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишларни олдиндан аниқлаш ҳамда шаффофликни таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, ходимларнинг хизмат масъулиятини ошириш, уларнинг фаолияти устидан ички назоратни кучайтириш ва барча жараёнларни очиқ-ошкора ташкил этиш ҳам ўз самарасини берадиган чора-тадбирлар сирасига киради.

Семинарда иштирокчилар коррупциявий вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш, хизмат вазифаларини тўғри бажариш ва жамоада соғлом муҳитни сақлаш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири