Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши кураш — иқтисодий барқарорлик ва жамият ишончининг асоси
17:47 / 2025-12-17

Бугунги замонавий дунёда иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлиги давлат бошқарувининг самарадорлиги, шунингдек, бизнес муҳитининг очиқлиги ва шаффофлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашиш энди фақат ахлоқий тамойил ёки ҳуқуқий мажбурият сифатида эмас, балки мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим стратегик омил сифатида қаралмоқда. У давлат институтларига бўлган жамоатчилик ишончи ва инвесторларнинг иқтисодиётга нисбатан муносабатини белгилаб берувчи ҳал қилувчи мезонга айланмоқда.

Коррупция жамият ва иқтисодиёт учун энг хавфли таҳдидлардан бири ҳисобланади. У турли соҳаларга яширин равишда сингиб, бошқарув тизимларини заифлаштиради, бозор қоидаларини издан чиқаради, соғлом рақобат муҳитини йўққа чиқаради ва натижада иқтисодий ўсиш суръатларини пасайтиради.  

Айни пайтда ислоҳотлар ва тузилмавий ўзгаришларни изчил амалга ошираётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳақиқий оқибатларини англаш ва унга қарши тизимли чоралар кўриш устувор аҳамият касб этади.

Қонун устуворлиги, адолат ва ошкоралик тамойилларига таянадиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида коррупцияга муросасиз муносабат шакллантириш муҳим вазифа эмас, балки давлат ва жамият олдида турган объектив заруратдир.

Иқтисодиётда етакчи ўринни эгаллайдиган йирик давлат компаниялари, одатда, мамлакатнинг саноат салоҳияти, экспорт имкониятлари ва иш билан таъминлаш даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Ўзбекистон иқтисодий тизимида шундай стратегик субъектлардан бири “Ўзавтосаноат” АЖ ва  унинг тизимидаги корхоналардир.

“Ўзавтосаноат” нафақат автомобиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона, балки бутун машинасозлик тармоғининг таянчи, саноат ривожининг драйвери, йирик солиқ тўловчи ва миллий иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Унинг фаолияти кенг жамоатчилик манфаатларига дахл қилади ҳамда инвестиция муҳити ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатади. Шу боис, компания фаолиятида коррупцияга оид ҳар қандай салбий ҳолат унинг обрўсигагина эмас, балки мамлакат иқтисодий барқарорлигига ҳам жиддий хатар туғдириши мумкин.

Коррупциянинг салбий оқибатлари кўп қиррали ва ўзаро боғлиқ характерга эга.

Аввало, у катта молиявий йўқотишларга сабаб бўлади. Ривожланиш, модернизация ёки ижтимоий ташаббусларга сарфланиши мумкин бўлган маблағлар мақсадсиз ёки самарасиз йўналишларга кетиб қолади.

Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатади. Агар қарорлар сифат ва манфаатдорлик эмас, балки нохолис алоқалар асосида қабул қилинса, бу муқаррар равишда натижанинг ёмонлашишига ва истеъмолчилар ишончининг пасайишига олиб келади.

Бундан ташқари, коррупция инвестиция фаоллигини чеклайди. Қоидалари аниқ эмас, шаффофлик таъминланмаган ва рақобат адолатли бўлмаган муҳитда ишлашни ҳеч бир масъулиятли инвестор ўз манфаатига мос деб ҳисобламайди. Бу эса замонавий технологиялар ва илғор бошқарув тажрибасининг кириб келишини секинлаштиради.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган миллий стратегиялар, махсус ваколатли органларнинг ташкил этилиши, қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ва жамоатчилик назорати механизмларининг кучайтирилиши ушбу йўналишда қатъий сиёсий ирода мавжудлигини кўрсатади.

Бироқ самарали натижага эришиш учун қабул қилинган қарорлар ҳар бир давлат идораси ва ҳар бир йирик хўжалик юритувчи субъект фаолиятида аниқ амалий механизмлар орқали намоён бўлиши лозим. Коррупцияга қарши ёндашувни корпоратив маданиятнинг ажралмас қисмига айлантириш, комплаенс тизимларини ривожлантириш, харидлар ва кадрлар сиёсатида максимал ошкораликни таъминлаш — бошқарув сифатини оширишнинг муҳим шартидир.

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистоннинг молиявий барқарорлиги, иқтисодий самарадорлиги, инвестициявий жозибадорлиги ва умумий миллий хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ жараёндир. Бу иллатга қарши курашиш фақат маблағларни сақлаб қолиш эмас, балки ишончни тиклаш, рақобатбардошликни ошириш ва адолатли иқтисодий муҳитни шакллантиришни англатади.

Келгусидаги барқарор ривожланиш ҳам коррупцияга қарши мустаҳкам, тизимли ва изчил ёндашувни жорий этиш билан чамбарчас боғлиқ. Қонун талабларига амал қилиш билан бир қаторда, компания доирасида ҳалоллик, очиқлик ва масъулиятни устувор қадрият сифатида қарор топтириш муҳим аҳамиятга эга.  

Ана шу тамойилларга содиқлик инвестициявий жозибадорликни оширади ва уни узоқ муддатли муваффақият сари етаклайди.

Б.Ахунов,

“UzautoComponents” МЧЖ

Бош директори