Муносабат
Коррупция инсоният тараққиётига жиддий таҳдид солаётган энг хавфли иллатлардан биридир. У жамиятда адолат тамойилларини издан чиқаради. Давлат институтларига бўлган ишончни сусайтиради ва ислоҳотлар самарадорлигига тўсиқ бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталди. Келаётган йилни коррупцияга қарши курашда ҳал қилувчи босқич сифатида белгилаб берди.
Давлат раҳбари коррупцияни “ислоҳотларнинг энг катта душмани” деб атаб, унга нисбатан муросасиз муносабат бутун жамият ҳаётининг устувор тамойилига айланиши шартлигини таъкидлади.
Коррупция фақат пора олиш ёки бериш билан чекланиб қоладиган ҳолат эмас. У виждонни сукутга мажбур қилади ва жамиятни ич-ичидан емириб боради. Шу боис коррупцияга қарши кураш бу фақат жазо ёки назорат масаласи эмас, балки инсон тафаккури, маънавияти ва юрт тақдирига бўлган муносабат масаласидир.
Президент Мурожаатида ҳам айнан шу жиҳатга алоҳида урғу берилди. Агар раҳбар ҳам, оддий фуқаро ҳам ўз ишига ҳалол ёндашмаса, ҳеч қандай ислоҳот барқарор натижа бермайди. Бу фикр коррупцияга қарши курашни фақат идоралар зиммасига юклаб қўймасдан, уни умуммиллий масъулият даражасига кўтариш зарурлигини англатади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, коррупция тақдир эмас – уни енгиш мумкин. Тарихдан маълум, Сингапур ва Швеция каби давлатларда қонун устуворлиги, очиқлик, мансабдорларнинг шахсий жавобгарлиги ва жамоатчилик назорати ҳал қилувчи омил бўлган.
Бу тажриба Президент Мурожаатида билдирилган фикрлар билан уйғун.Жамиятда кучли қонунлар билан бирга, уйғоқ виждон ва фаол фуқаролик позицияси бўлмас экан, коррупцияни тўлиқ бартараф этиб бўлмайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тизимли тус олди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Агентлик ташкил этилди, ҳар йили бу соҳада Президент Фармони ёки Қарори қабул қилинмоқда, давлат хизматлари рақамлаштирилди, инсон омилини камайтиришга қаратилган электрон платформалар жорий этилди.
Айрим ҳолларда ҳали ҳам эски фикрлаш, таниш-билишчилик ва порани “муаммо ечиш воситаси” деб қабул қилиш ҳолатлари учраб тургани ачинарли.
Бу эса коррупцияга қарши курашни фақат жазо билан эмас, таълим, тарбия ва жамоатчилик онгини юксалтириш орқали олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
Пора орқали ҳал қилинган ҳар бир иш мамлакат тараққиётини секинлаштиради. Адолатли инсонларнинг ишончини сусайтиради ва келажак авлод имкониятларини чеклайди. Шу маънода коррупцияга қарши кураш фақатгина давлат идораларининг ёки алоҳида тузилмалар вазифаси эмас, балки бутун бир жамиятнинг виждоний бурчидир.
Президент Мурожаатномасида аниқ ва қатъий чорлов берилди. Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланади.
Давлат органлари, хусусан, банк тизими олдига алоҳида талаб қўйилди. Яъни очиқлик, адолат, халққа сифатли хизмат ва халқ ишончи. 2026 йилда ҳар бир қарор, ҳар бир хизмат, ҳар бир сарфланган сўм халқ олдида жавобгарлик мезони билан баҳоланади.
Банк ва давлат идоралари учун коррупцияга қарши кураш ички назорат ёки текширув масаласигина эмас иш услубини тубдан ўзгартириш, хизмат маданиятини янгилаш, инсон омилини камайтириш ва ҳар бир ходимда “мен халққа хизмат қилаяпман” деган виждоний масъулиятни шакллантириш демакдир.
Б.КИРГИЗОВ, “Микрокредитбанк” АТБ Коррупцияга қарши назорат депатаменти директори.