Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотларда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу талаблардан келиб чиқиб, бугунги кунда барча давлат идоралари ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш асосий вазифа сифатида қаралиб, қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида ўтказилган семинар-тренинг улардан бири бўлиб, унда тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг содир этилишининг олдини олиш тадбирлари ҳақида сўз борди.
Қайд этилганидек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирларда асосий эътибор жамият фаолиятининг барча тармоқларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

– Шу мақсадда «Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва олдини олишда Словения тажрибаси» мавзусида онлайн семинар-тренинг ташкил этилди. Иштирокчилар «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти эксперти Горан Климентичнинг «Ички назорат тузилмалари самарадорлигини оширишда “e-anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш ва хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолашда Словения тажрибаси» мавзусидаги тақдимоти билан танишди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассиси томонидан ташкилотлардаги коррупция рисклари ва хавфини баҳолаш натижалари бўйича тўлиқ маълумотлар берилди. Шунингдек, e-anticor.uz электрон платформасига маълумотларни киритишда кузатиладиган камчиликлар муҳокама қилинди, – деди «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА