Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қандай ишламоқда?
18:41 / 2022-05-30

Юздан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 1-чорагида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 22 давлат ташкилоти ва идораларида жами 81 миллиард 561,1 миллион сўмлик молиявий хато ва камчилик аниқланган.

Бундан кўриш мумкинки, аксарият давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғри йўлга қўйилиб, дастлабки ижобий натижасини бермоқда.

Аммо коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини барча давлат ташкилотларида тўғри йўлга қўйиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, улар томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиётини тўлиқ шакллантириш борасида ҳал этилиши ва  амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳали талайгина. 

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини жорий этиш билан чекланмасдан уларнинг самарали фаолият юритиши устида ҳам иш олиб бормоқда. 

Мазкур тузилмалар фаолиятига амалий кўмак кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг март ойида БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш” мавзуида тренинг ўтказилган эди.  

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Конрад Аденаур номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича мнтақавий ваколатхонаси кўмагида мазкур семинар-тренинг машғулотларининг навбатдагисини  ташкил этди. 

Ушбу тадбир вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг 220 нафардан ортиқ раҳбар ва ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, малака ва кўникмаларини ошириш учун фаол мулоқот майдони бўлди.   

Тренингда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолиятида кўп учрайдиган саволларни очиқ муҳокама қилишга эътибор қаратилди.  

Фаолиятни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишдаги муммолар ва коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бу борада иштирокчиларга услубий ёрдам кўрсатилди.  

Мутахассислар томонидан давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни тўғри баҳолаш бўйича маслаҳатлар берилди.  

Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш, давлат харидлари жараёнларида контрагентларни текшириш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказиш йўллари тушунтирилди.  

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими ва бошқа муҳим мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.  

Тренинг давомида иштирокчиларга соҳага оид муҳим ва фойдали  маълумотларни олиш билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар орқали аниқлик киритиш имкони яратилди.  

Иштирокчилар фаолиятларида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни очиқ муҳокама қилиш билан бирга, уларнинг ечимлари ҳақида тавсияларга ҳам эга бўлди.  


Н.Абдураимова, ЎзА