English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилади
11:50 / 2022-03-28

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги қарорига асосан  давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул бўлган коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.  

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур тузилмаларни жорий этиш билан бир қаторда уларнинг самарали фаолият юритишини ҳам эътиборга олмоқда.   

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш” мавзусида махсус семинар-тренинг шу мақсадда ташкил этилди.   

Унда 220 дан ортиқ  вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари бевосита ва онлайн тарзда иштирок этди.  
Семинар-тренингда назорат тузилмалари фаолиятига амалий ёрдам бериш кўзда тутилган. 

Ҳозирда 91 давлат ташкилотида алоҳида штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тузилмалар мустақиллигини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.  

Унга кўра, назорат тузилмалари ҳамда уларнинг ходимларига низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган функцияларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди. Яъни, ушбу тузилмани турли тадбирларга жалб қилиш, вазифасига кирмаган мажбуриятларни унинг зиммасига юклаш қатъиян тақиқланади. Айни талабнинг давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан бажарилишини Агентлик қатъий назорат қилиб боради. 

Тузилмалар фаолиятини услубий таъминлаш мақсадида агентлик томонидан БМТ тараққиёт дастури ва “KPMG” экспертлари кўмагида қатор ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилиб, барча ташкилотларга етказилди.  

Коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашувини бошқариш ҳақида низом, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти, Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти каби ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Агентлик томонидан яқинда ўтказилган ўрганишлар натижаси аксарият давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти етарли даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатди.  

Семинарда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси ва “KPMG” халқаро аудиторлик компанияси экспертлари иштирок этиб, ўз маърузаларида бевосита агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва тузилма ишини тўғри ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берди.  

Коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигининг рейтинг баҳолаш тизимини амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳам тушунтиришлар берилди. 

Эътиборлиси, рейтинг баҳолаш агентлик томонидан “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали ташкил этилади. Бунда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилади. 

Рейтинг баҳолаш тизими дастлаб эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 24 вазирлик ва идора, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса барча давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этилади.  

Эксперимент якунига кўра, “E-anticor.uz” электрон платформани такомиллаштириш ва модернизация қилиш чоралари кўрилади. 

Электрон платформа БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мазкур дастурнинг Сеул сиёсат маркази ҳамда Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг техник ва маслаҳат кўмагида ишлаб чиқилган.

Семинар-тренингда ушбу марказ маслаҳатчиси Жунго Сонни ҳам иштирок этиб, Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ташаббусларни баҳолаш тизими ҳақида атрофлича маълумот берди.  

Семинар давомида иштирокчилар “E-anticor.uz” электрон платформасида ишлаш тартиби билан батафсил таништирилди. Айтиш жоиз, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида Агентлик томонидан бу бўйича махсус қўлланма ва видеоқўлланма тайёрланган бўлиб, улар электрон платформада жойлаштирилган. 

[gallery-6327]

  
Н.Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров(сурат),ЎзА