Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг ягона қонуний асоси яратилмоқда
13:46 / 2023-06-22

Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратган.  

Сенатнинг қирқ иккинчи мажлисида кўриб чиқилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун мазкур соҳада қонуний асос яратади.  

Соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва уни тартибга солувчи ягона қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг асосий принциплари белгиланмоқда.  

Ушбу масала юзасидан муносабат билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш сифат ва мазмун жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилганини қайд этди.  

– Ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асослар мастаҳкамланди. Таъсирчан чоралар, самарали механизмлар белгиланди, – деди Сенат Раиси. – Шулардан бири – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши алоҳида экспертизадан ўтказишдир. Масалан, 2021 йилнинг ўзида 800 дан ортиқ амалдаги қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган бўлса, уларнинг 28 фоизида 650 дан ортиқ коррупциявий омил аниқланган. Мана шу рақамларнинг ўзи коррупцияга қарши экспертизанинг қанчалик муҳимлигидан далолат. Коррупцияга қарши экспертиза шунчаки бюрократик процедура эмас, балки ҳар томонлама пухта ўйланган ва ташкил қилинган, аниқ мақсадли, кенг қамровли, тизимли ва мунтазам амалиёт бўлмоғи зарур. 

Эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.  

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.  

Эътиборли жиҳати жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилади.  

Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишга оид фаолиятни услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш Адлия вазирлигига юклатилмоқда.  

Сенаторлар ушбу қонун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, шунингдек, амалдаги ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатининг ошишига хизмат қилишини таъкидлади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА