Коррупция жамиятимиз тараққиётига, халқимизнинг фаровон турмуши ва давлатимиз нуфузига жиддий хавф соладиган иллатдир. Шу боис, унга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчи ва масъулияти ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимизда унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси ишлаб чиқилган. “Корруцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга кўра, бу иллатга қарши курашишнинг асосий принципларидан бири қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигидир.
Миллат, жамият кушандаси бўлган коррупция хавфсизлигимизга жиддий таҳдид солиб, тараққиётимизни ортга суради. Фуқароларни ҳалол ва тўғри йўлдан оздириб, порахўрлик, таъмагирлик гирдобига тортади, тубсиз жарлик томон олиб боради.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Кадастр агентлиги тизимида инсон омилини камайтириш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, аҳолига хизматларни шаффоф ва тезкор кўрсатиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда тизимли ислоҳотлар, технологик янгиланиш ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик орқали натижага эришиш мумкин. Кадастр соҳасидаги бугунги очиқлик ва шаффофлик келгусида адолатли жамият барпо этишга хизмат қилади.
Фарғона вилоятида ҳам қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ходимлар билан профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларга коррупцияга йўл қўймаслик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Бошқарманинг комплаенс назорати мутахассислари томонидан ўтказилаётган умумпрофилактик, маҳаллаларда коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот ҳамда ҳар бир мутахассис ходим билан олиб борилаётган якка тартибдаги профилактик тадбирларда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳақида тушунтиришлар бериб борилмоқда. Мазкур тадбирлар бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда.
Бугунги кунда ер назорати тадбирлари “E-yer nazorat” ахборот тизими орқали махсус планшетларда амалга оширилиб, коррупция хавфининг олди олинмоқда. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эса давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фақат электрон тарзда амалга ошириляпти. Бу эса тизимда очиқлик, ишончлилик ва шаффофликни таъминламоқда. Шу билан бирга, “E-yer nazorat”, “E’tirof”, “Uzkad” ва кўчмас мулк хизматлари каби электрон дастурлар орқали аҳоли учун қулайликлар яратилмоқда.
Кадастр идоралари, архив муассасалари ва давлат хизматлари марказлари ўртасида ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда кўчмас мулкка оид ҳужжатлар фақат электрон рақамли имзо ёки содда қилиб айтганда, QR-код орқали расмийлаштирилади. Бу эса ҳужжатларнинг қалбакилаштирилиш эҳтимолини деярли йўққа чиқарди. Жорий йил бошидан буён Фарғона вилоятида ушбу турдаги жиноятлар қайд этилмади. Натижа шуки, ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатяпти.
Шунингдек, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш юзасидан хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ҳам коррупциянинг олдини олиш мақсадида доимий равишда видеомурожаатлар, ижтимоий тармоқларда очиқ чиқишлар йўлга қўйилган. Бундан ташқари, барча туман ва шаҳар бўлимлари фаолияти бўйича аноним сўровномалар ўтказилиб келинмоқда.
Соҳамизда коррупциянинг олдини олишда, энг аввало, халқимизнинг хайрихоҳлиги, ҳамжиҳатлиги ва кўмагига таянамиз. Коррупциясиз келажак сари ҳар бир фуқаро ўз фаолиятида поклик ва ҳалолликка амал қилиб, жамиятда ҳуқуқий саводхонликни оширса, жамоавий ҳаракат қилинса, ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириб, уларда коррупцияга қарши курашишга дахлдорлик фазилатлари шакллантирилса, бу хавфли иллат омилларини илдизи билан йўқотадиган чоралар кучайтирилса, жамият кушандасининг пайи қирқилади.
Давлатимиз раҳбари “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз” деб таъкидлаганлар. Дарҳақиқат, жамият ривожига зимдан зарар етказувчи бу офатни даф қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси, ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Шуни эътиборга олиб, юртдошларимиздан кадастр соҳасида коррупцион ҳолатларга дуч келсалар, Кадастр агентлигининг 1097 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, шунингдек, (73) 249-70-77 рақамларига маълум қилишларини сўраб қоламиз. Мурожаатчининг шахси қонунга мувофиқ сир сақланиши қатъий кафолатланади.
Агар ҳар бир фуқаро жонажон Ватанимизни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз жамиятга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак, кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.
Қонунга ҳурмат ва ҳалоллик – коррупциясиз жамиятнинг кафолати. Биргаликда пок ва адолатли тизимни яратайлик!
Нодирбек МАШРАПОВ,
Кадастр агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи.
ЎзА