Сенатда аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ижроси муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш борасида бугунги кунга қадар муайян ишлар амалга оширилган.
Жумладан, “Е-learning” электрон таълим платформасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Очиқ маълумотларга кириш” ҳамда “Очиқлик бўйича давлат сиёсати” мавзуларида онлайн курслар йўлга қўйилди. Ушбу курсларни 119 ташкилотдан 697 нафар ходим тамомлади ва уларга сертификатлар топширилди.

Давлат харидлари жараёнида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш юзасидан 52 давлат хариди оператори, 418 давлат буюртмачиси ҳамда мингдан зиёд тадбиркор иштирокида сўровнома ўтказилди.
Илғор хорижий тажриба ўрганилиб, Финляндия Адлия вазирлигининг маҳаллий ҳокимликларда коррупцияга қарши курашиш бўйича услубий қўлланмаси ўзбек тилига таржима қилинди ва комплаенс хизматлари фаолиятига татбиқ этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди.
Олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида “Коррупцияга қарши курашиш” саҳифаси яратилди ва турли мавзуларда 2 минг 328 дан ортиқ тарғибот материаллари ва маълумотлар жойлаштирилди. Олий таълим муассасаларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида коррупцияни тўхтатишга доир хештеглар билан 778 маротаба челленжлар ўтказилди.
Муҳокамада иштирокчилар томонидан бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш долзарб масала эканлиги боис аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш масалалари қонунчиликда ўз аксини топиши ҳамда тезроқ амалиётга татбиқ этилиши юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилаётгани қайд этилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, чора-тадбирлар режасининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга қаратилган ишларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА