Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт
17:06 / 2022-01-17

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонун устуворлигини издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти тамойилларига тўсқинлик қилиб ҳаёт сифатини ёмонлаштириб одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

Ачинарлиси эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахслар пора олиш ва мансаб вакилларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилиш, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.

Натижада ушбу муаммодан икки-учта ишдан бўшатишлар билан қутулиб бўлмаслиги кундек равшан бўлиб қолади. Сабаби коррупцияга қарши курашда шахслар билан курашиш самарасиз эканлигини тарих исботлаб берган.

Чунки бугунги дунё ҳамжамятида ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрамоқда. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти. Лекин бугунги кунда ушбу иллат билан самарали курашаётган қатор мамлакатлар (Финландия, Швеция, Дания, Сингапур) ўзининг ижобий тажрибасига эга. Ушбу ижобий тажрибаларни ўрганиш ва уни ҳаётимизга имплементация қилишдан аввал коррупцияни вужудга келтираётган омилларни конкрет аниқлаб олишимиз зарур. Шундагина биз шахсга қарши эмас, балки ушбу салбий иллатларни вужудга келтираётган сабаб ва шароитларга қарши кураша оламиз.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатишади:

- аҳоли ҳуқуқий саводхонлигидаги муаммолар хусусан, аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик. Шунингдек, бирор-бир муаммони ҳал этишда адвокатга мурожаат қилиш лозимлиги ҳақидаги маданиятнинг етишмаслиги;

- аксарият ҳолларда фуқароларда муаммоларни ҳал этишнинг қонуний йўлларини изламасдан таниш-билишчилик қилиш, қонуний йўл билан ҳал қилиниши мумкин бўлган масалалар юзасидан пора таклиф қилиш тарзидаги ҳамда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият деган психологиянинг шаклланиб қолганлиги;

- ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилининг бузилиши айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши, давлат ташкилоти ва муассасаларига юклатиладиган вазифа ва топшириқларнинг тартибсизлиги ҳамда уларнинг асосий хизмат вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари юзасидан ягона концепциянинг мавжуд эмаслиги;

- давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги;

- ҳақиқий мустақил суд ҳокимиятининг шаклланмаганлиги;

- кадлар сиёсати билан боғлиқ муаммолар ва бош.

Шунингдек, юқоридагилар билан бир қаторда, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши; инфляциянинг юқори даражаси; мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги; мамлакатдаги диний ва ахлоқ қоидалар билан боғлиқ қатор омиллар коррупциянинг шаклланиши ва ривожланишида асосий факторлардан бўлиб хизмат қилади.

Демак, коррупцияга қарши курашда юқорида санаб ўтилган омилларни бартараф этиш кўзланган мақсадларга эришишда энг самарали йўл ҳисобланади.

Тан олиб айтишишимиз лозимки, охирги йилларда коррупцияга қарши кураш соҳасида мамлакатимизда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда ҳамда ўз самарасини бера бошлаганлиги қувонарли ҳолат. Лекин, қатор ишлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан давлат секторида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сақланиб қолинаётганлиги аччиқ бўлсада айни ҳақиқат.

Коррупцияга оид хусусан, вилоят, туман даражасидаги юқори лавозимдаги мансабдор шахсларининг давлат бюджети орқали молиялаштириладиган миллиардлаб миқдордаги буюртмалар билан боғлиқ жараёнларга бевосита ўзлари ёки яқин қариндошларининг алоқадорлигига оид ўнлаб хабарлар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тез-тез ёритиб борилаётганлиги вазиятнинг мураккаб эканлигини кўрсатиб турибди.

Бизнинг бош мақсадимиз ҳисобланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сўзсиз устувор бўлган, коррупциядан ҳоли давлат ва жамиятни тез фурсатларда шакллантиришда нималарни зудлик билан амалга оширишимиз лозимлигини аниқ белгилаб олишимизни бугунги замон ҳамда мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг ўзи талаб қилмоқда.

Демак, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш хусусан, амалдаги жиноят қонунининг асосий принсипларидан бири ҳисобланган «жавобгарлик муқаррарлиги» принципини ҳар қандай қийин вазиятда ҳам тўлиқ ишлашини ҳамда ҳаётга тадбиқ этилиши лозим. Ҳар қандай шахс хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлишидан қатъий назар содир этаётган ҳаракатлари учун жавобгарлик муқаррар эканлигини бутун вужуди билан ҳис этиши ва ишонч ҳосил қилиб туриши ҳамда доимо сергак бўлиши лозим.

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарларга нисбатан ўз вақтида ва сифатли жавоб реакцияси бўлиши шарт.

Бизга маълумки, ҳуқуқий жиҳатдан ушбу турдаги хабарларга нисбатан жавоб икки хил кўринишда бўлиши лозим. Биринчиси: ушбу фактлар тасдиқланса, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар юзасидан жиноий иш очилиши ҳамда жавобгарлик масаласи кўрилиши, иккинчиси: агарда ушбу фактлар тасдиқланмаса маълумотни берган шахсга нисбатан туҳмат қилганлик юзасидан жавобгарлик масаласини кўриш учун судга мурожаат қилиниши шарт бўлади.

Ушбу турдаги хабарлар бўйича умуман муносабат билдирмаслик ва бу масалалар муаллақ ҳавода қолиб кетиши эса жамиятда, фуқаролар онгида давлатга, қонун устуворлигига нисбатан ишончини йўқолишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатлари эса жуда ҳам ачинарли бўлиши мумкинлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар юзасидан қонуний чоралар кўришга ваколатли бўлган органларнинг мазкур хабарлар юзасидан қонуний хулосалар беришини мониторинг қилиб бориш ва мунтазам ҳар бир хабар бўйича ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш ва брифинглар ташкил этиш лозим.

Бугунги кунда республикамизда фуқаролар даромадларини декларация қилиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда. «Даромадларни декларация қилиш коррупцияга қарши курашишда энг асосий қурол бўла оладими?» деган табиий савол туғилади.

Ривожланган хорижий мамлакатларда давлат хизматчилари, мансабдор ёки таниқли шахслар ҳар йили даромад ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этиб боришади. Шу орқали уларнинг молиявий фаолияти назорат қилинади. Агарда даромадларига нисбатан харажатлари юқори бўлса, демак унга нисбатан ушбу маблағлар қаердан олинганлиги тўғрисидаги табиий савол туғилади. Ушбу механизм қатор ривожланган мамлакатларда самарасини бериб келмоқда.

Демак, даромадларни декларация қилиш орқали мансабдор шахсларнинг шунингдек фақат уларнинг ўзларини эмас, бутун яқинлари (қариндошлар, дўстлар ва ҳ.к.)лар фаолиятини молиявий мониторинг қилиб бориш имкониятини беради.

Аброр Саидов,

Жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман суди раиси