Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада ёшларни ҳалоллик, адолат, қонунийлик ва масъулият руҳида тарбиялаш, уларда коррупцияга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи
Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Ҳалоллик – энг олий фазилат”, “Коррупциясиз келажак бизнинг қўлимизда” шиори остида 500 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва семинар-тренинглар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 50 мингдан зиёд ёшлар, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари, ёш тадбиркорлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Учрашувлар давомида Адлия, Прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар ва Солиқ бошқармаси вакиллари иштирок этиб, ёшларга коррупция хавф-хатарлари, ҳалоллик меъёрлари ва қонунийлик тамойиллари ҳақида тушунчалар берди.
Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолиятига ҳалоллик тамойилларини сингдириш мақсадида махсус ўқув-тренинглар ўтказилди. Вилоятдаги 879 та маҳалла ёшлар етакчилари “Коррупциясиз муҳит – ҳалол хизмат” мавзусидаги тренингларда иштирок этиб, амалий қўлланмалар, инфографик плакатлар ва видео роликлар билан таъминланди. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада ёшлар билан “Ҳалол фуқаролик позицияси” мавзусида суҳбатлар ташкил этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ҳар бир туман ва шаҳарда намунавий ёшлар етакчилари ўз ҳудудларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, тизимда ички назоратни кучайтириш ва ходимлар масъулиятини ошириш мақсадида “Ҳалоллик кодекси” мавзусида мунтазам суҳбатлар ўтказилмоқда. 2025 йилнинг ўтган даврида 100 дан ортиқ тизим ходимлари ҳалоллик стандартлари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат этикаси ва ахборот шаффофлиги бўйича махсус семинар-тренингларда қатнашди.
Бошқармада ҳар ойда “Коррупцияга қарши ички назорат куни” амалиёти йўлга қўйилиб, унда ходимларнинг фаолияти, ёшлар билан ишлашдаги шаффофлик ва ҳисобот интизоми таҳлил этилмоқда.
Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан “Коррупциясиз ҳаёт – ёшлар танлови” шиори остида ижтимоий видео роликлар, баннер ва анимацион плакатлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этилмоқда.
Фуқаролар ва ёшларнинг мурожаатларини ҳалол, шаффоф ва тезкор кўриб чиқиш тизими ҳам бошқарма фаолиятида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу мақсадда “Ёшлар мурожаатлари мониторинги” ахборот тизими жорий этилди. У орқали ҳар бир мурожаат кунлик назорат қилинади.
Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни”, сайёр қабуллар ва “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари мунтазам ўтказилиб, 2025 йил давомида 2 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Улардан 80 фоизи жойида ижобий ҳал этилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида ички назорат комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир ходимнинг фуқаролар билан ишлаш этикаси, ҳалоллик мажбурияти ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича жавобгарлиги мустаҳкамланди.
Бошқарма ҳузурида “Ишонч телефони” ва махсус Telegram бот орқали коррупция билан боғлиқ мурожаатларни аноним равишда қабул қилиш тизими ҳам самарали йўлга қўйилган.
Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида ёшлар ўртасида ҳалоллик маданияти, фуқаролик масъулияти ва коррупцияга нисбатан муросасизлик ҳисси тобора кучаймоқда. Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, тизим ходимлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши бу йўналишда барқарор натижаларга эришишга замин яратмоқда.
Акмалжон Тангирқулов,
Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи.
ЎзА