Қашқадарё вилоят суди томонидан тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда вилоятдаги судлар судьялари, ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбирда вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов иштирок этиб, суд тизими ходимлари жамиятда адолат ва қонун устуворлигининг ифодаси эканини таъкидлаб, уларнинг ҳар бир сўзи ва амалиёти халқ ишончига, давлат обрўсига ва фуқаролар тақдирига бевосита таъсир қилишини қайд этди.


– Судья ва суд ходимларининг ҳалоллиги, поклиги ва адолатли фаолияти бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда, – деди А.Маҳкамов. – Ҳалоллик фақат ишда эмас, балки шахсий ҳаётда ҳам устувор қадрият бўлиши лозим.


Тадбирда оилавий муҳитнинг инсон тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. Зеро, оила – виждон ва ахлоқ асослари шаклланадиган дастлабки тарбия мактаби ҳисобланади. Шу боис тадбирга судьялар ва суд ходимларининг оила аъзолари ҳам таклиф этилди.

Сўзга чиққан суд тизими вакилларининг ота-оналари фарзандларининг ҳалол ва масъулиятли меҳнат фаолиятидан фахрланишини таъкидлаб, уларнинг нафақат ишда, балки оилада ҳам қонунга садоқат ва поклик намунаси эканлигини эътироф этди.

Тадбир якунида ҳар бир судья ва суд ходими ҳамда уларнинг яқинлари коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бу йўлда ҳалоллик, виждон поклиги ва адолат ҳиссини инсон қалбида мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани қайд этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА