Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупция хавфи сабабли 2 миллиард 374 миллион сўмлик давлат харидлари бекор қилинди
10:40 / 2024-02-21

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида айрим давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидларида қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланди.

Ховос тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида жорий йилнинг 10 январь куни юк ташиш хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган 700 миллион сўмлик, Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигида аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича ўтказилган 174 миллион сўмлик, Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматик шифохонаси буюртмачилигида қурилиш маҳсулотлари харид қилиш бўйича ўтказилган 1,5 миллиард сўмлик давлат харидлари шулар жумласидандир.  

Ушбу давлат харидларида қатнашган тадбиркорларнинг ҳужжатлари харид комиссияси раиси ва аъзолари фойдаланган қурилма (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.  

Натижада “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10 -моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг бир қатор талаблари бузилишига йўл қўйилган.  

Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга тақдимномалари киритилди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди. Натижада тақдимномаларга биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилиниб, айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА