2021 йилда мамлакатимизда 5 минг 483 нафар шахсга нисбатан 3 минг 769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган.
2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлар сони 2 минг 621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 минг 760 тага ёки 218 фоизга кўпайган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2020 йилда 500 миллиард 102 миллион сўмлик моддий зарар етказилган. Шундан 355 миллиард сўм ёки 71 фоизи ундирилган.
2021 йилдаги моддий зарар миқдори 1 триллион 282 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 887 миллиард сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган.
Бу рақамлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида Жамоатчилик кенгаши олдидаги ҳисоботига бағишланган матбуот ажуманида тилга олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов коррупцияга оид жиноятлар таҳлилига тўхталиш билан бирга агентликка келиб тушаётган мурожаатлар натижалари ҳақида ҳам ахборот берди.
2021 йилда жами 4 минг 901 та (493 таси дубликат) мурожаат келиб тушган бўлиб, барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Шундан, 107 мурожаат агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда келиб тушган.
Мурожаатларнинг 258 таси ижобий ҳал этилган. 1 минг 163 мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш орқали қаноатлантирилган. 117 мурожаат аноним деб топилган, 43 мурожаат маълумот учун қабул қилинган, 158 такрорий мурожаат кўриб чиқилиши белгиланган тартибда тугатилган, 3 минг 158 мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилган.
Маълум қилинишича, 2021 йилда агентлик томонидан “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ўтказилди.
Қурилиш соҳасидаги жами 461,3 миллиард сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 қурилиш объектида ўрганиш ўтказилган. Аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 жиноят иши ва 24 маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиши таъминланган.
Давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 миллиард сўмлик 452 танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган. Коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 372 тақдимнома киритилгани натидасида танловлар бекор қилиниб, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.
Маълум қилинишича, бугунги кунга келиб, 88 та давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари жорий этилган бўлса, 52 тасида тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Агентлик томонидан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ва коррупцияга қарши курашиш фаолиятини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган 34 тақдимнома киритилган.
Норгул Абдураимова, ЎзА