Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Коррупция тараққиётга таҳдид” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашдаги иштироки, жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминлашдаги ўрни ҳамда масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари, ҳуқуқшунослар, ОАВ ходимлари ва жамоат ишларидаги фаоллар иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари томонидан ННТ ларнинг аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги ўрни, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги имкониятлари, давлат органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳуқуқий маслаҳат кунларини ташкил этиш, коррупцияга қарши тарғиботни мактаб ва олий таълим муассасаларида кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан қатор амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг бўлим бошлиғи Шердор Расулов бу борада қуйидагиларни таъкидлади:
– Коррупция фақат иқтисодиётга эмас, жамиятнинг маънавий пойдеворига ҳам путур етказади. Уни енгиш учун қонун устуворлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлаш ва фуқаролик жамиятининг фаол иштирокини кенгайтириш зарур. ННТлар бу жараёнда самарали воситачи сифатида ишончли мулоқот платформаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, коррупцияга қарши курашда аҳоли фаоллигини рағбатлантириш, жамоатчилик ва давлат идоралари ўртасида тизимли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Маълумки, коррупция ҳар қандай жамият тараққиётига тўсиқ бўладиган хавфли иллат ҳисобланади. У нафақат иқтисодий барқарорликни издан чиқаради, балки жамиятда адолат, ишонч ва қонунийликка ҳам путур етказади. Шу боис, унга қарши кураш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамият, хусусан, фуқаролик жамияти институтларининг устувор вазифасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири