Сирдарё вилоятида коррупцияга қарши тарғибот ва ҳуқуқий маърифий ишлар изчил давом этмоқда. Вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган “Коррупция – тараққиёт йўлидаги тўсиқ” мавзусидаги навбатдаги тадбирда давлат хизматчиларида ҳуқуқий билим ва масъулиятни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё вилояти бошқармалари ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида уларга коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг турлари, ҳуқуқий оқибатлари, жиноятлар учун белгиланган жазо чоралари ва профилактик механизмлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Айниқса, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида” ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти атрофлича ёритилди. Шу билан бирга, коррупция ҳолатлари аниқланганда тегишли органларга мурожаат қилиш тартиби ва мурожаат этувчиларнинг қонуний ҳимояси ҳақида ҳам сўз юритилди.

Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот бўлимининг бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова тадбир давомида сўзга чиқиб, уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсадни тушунтирди: – Бундай тадбирлар давлат хизматчиларини коррупциявий хатти-ҳаракатлардан огоҳ қилиш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва уларнинг кундалик фаолиятида ҳалоллик ва масъулият принципларини устувор қилишга қаратилган. Давлат хизматида ҳар бир ходимнинг фуқаролик бурчи – коррупцияга қарши интизомли ва фаол курашишдир.

Тадбир савол-жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтди. Ходимлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан саволлар бериб, кундалик иш фаолиятида дуч келаётган муаммолар бўйича фикр ва таклифларини билдиришди.
Якунда таъкидланишича, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат хизматчисининг фуқаролик бурчи ҳисобланади. Ҳалоллик ва масъулият эса самарали меҳнат фаолиятининг асосий мезонлари сифатида давлат хизматида устувор ўрин тутиши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири