Ҳалоллик ва шаффофлик банк тизимининг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Айниқса, бутун дунёда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни кенг нишонланаётган бир пайтда, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.
"Ўзмиллийбанк" АЖ ҳам бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиб, жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари раислигида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида бир қатор муҳим тадбирларни ўтказди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ Самарқанд вилоят Бош бошқармасига қарашли Ургут, Пастдарғом ва Жомбой банк хизматлари марказларида "Коррупция тараққиёт кушандаси" тамойили асосида "Очиқ эшиклар" давра суҳбатлари ташкил этилди. Тадбирларнинг асосий мақсади – тизимда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, банк ходимларининг мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига қатъий чек қўйишдан иборат бўлди.
Уч марказдаги тадбирларда "Ўзмиллийбанк" АЖ Коррупцияни олдини олиш бошқармаси, Коррупцияни олдини олишни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Ш.З.Зиятов фаол иштирок этиб, банк тизимидаги шаффофлик стандартлари ва масъулият меъёрлари хусусида батафсил маълумот берди.
Ургут банк хизматлари марказида коррупцияга қарши курашиш масаласи Фуқаролик ишлари бўйича Суди судияси Ш.А.Муҳамматқулова ва Ургут туман ИИБ катта инспектори майор Д.Абдуаҳатович иштирокида ҳуқуқий ва профилактик нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди.
Пастдарғом банк хизматлари марказида эса, туман прокуратураси вакиллари – ўринбосар Р.Рахмонов ҳамда катта ёрдамчи С.Назаров иштирокида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ҳуқуқий чора-тадбирларни кучайтириш мавзусига эътибор қаратилди.
Жомбой банк хизматлари марказида туман прокуратурасининг катта ёрдамчиси Ф.А.Мирзаев ва туман ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант З.К.Эргашев иштирокида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича профилактик ишларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
[gallery-26695]
Барча давра суҳбатларида банк ходимлари томонидан тизимда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, 5 март видеоселекторида берилган топшириқлар ижросининг аҳволи ҳамда коррупцияга қарши курашишдаги шахсий масъулият масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ Самарқанд вилоят Бош бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу "Очиқ эшиклар" тадбирлари банк тизимида ҳалоллик ва ошкоралик маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадам бўлди. Тадбирлар нафақат ходимларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган. Зеро, коррупцияга қарши самарали кураш – бутун жамиятнинг, шу жумладан, ҳар бир банк ходимининг масъулияти бўлиб, фақатгина муросасиз муносабат ва қатъий чора-тадбирлар билангина коррупцияга чек қўйиш ва мамлакат тараққиётини таъминлаш мумкин.
Камола Юсупова, ЎзА