Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси дастури ижроси доирасида солиқ хизмати органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали профессор-ўқитувчи ҳамда талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари вилоят давлат солиқ бошқармаси фаолияти, тизим ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Сўнгра бошқарманинг етакчи мутахассислари талаба-ёшлар билан суҳбатлашиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси дастури доирасида солиқ тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бу юртимиз иқтисодий салоҳияти ва аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, бюджет тақчиллигининг олдини олиш, камбағалликни қисқартириш, коррупцияни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлашди.

Талаба-ёшлар ҳамда журналистлар билан солиқ тизимида коррупциянинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ташкил этилган очиқ мулоқот қизғин баҳсларга бой ўтди.
Бундан ташқари, солиқчи касби, унинг машаққат ва масъулиятлари, солиқ ходими бўлиш учун Ватанни севиш, фидойилик зарурлиги, фанларни чуқур ўзлаштириш ва иқтисодий билимларини ошириш лозимлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Мазкур тадбир талаба-ёшларнинг давлатимизнинг солиқ сиёсати, солиқ тизими ҳақидаги тушунчалари, соҳа фаолиятига оид билимини бойитишга ёрдам бериши ва қолаверса, уларнинг келгусида мазкур йўналишда ишлашга бўлган қизиқишини оширади.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг барча саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари