Навоий шаҳридаги “НКМК тарихи” музейида 9 декабр – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш борасида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходими Мироншоҳ Расулов, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) бўлими бошлиғи Шуҳрат Сағдуллаев, Навоий ихтисослаштирилган прокурори Нурбек Тилавов, “НКМК” АЖ Комплаенс хизмати бошлиғи Рустам Авезов сўзга чиқиб, юртимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашишда белгиланаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самараси, уни келтириб чиқарадиган омиллар ҳамда салбий оқибати ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2024 йил якунлари бўйича коррупцияга қарши курашишдаги ишлар самарадорлиги рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари орасида “НКМК” АЖ 96 балл билан 1-ўринни эгаллаб, бу салбий иллатга қарши курашиш бўйича энг юқори натижани қайд этди.

– 2024 йилда “НКМК” АЖда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкил этилган бошқарув тизими ва механизмлар “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” ИСО 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги “CERT International” ташкилоти томонидан ташқи аудитдан ўтказилиб, халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган эди, – дейди “НКМК” АЖ Комплаенс хизмати бошлиғи Рустам Авезов. – Жорий йилнинг 28-29 июль кунлари ушбу ташкилот томонидан халқаро стандартнинг талаблари бажарилиши юзасидан биринчи кузатув аудити ўтказилди. Аудит натижаларига кўра, комбинат фаолиятининг коррупцияга қарши курашиш тизими яна бир бор халқаро стандарт талабларига мувофиқ, деб баҳоланди ва ташкилотга берилган мазкур сертификат бир йил давомида амалда бўлиши тасдиқланди.

Яқинда “НКМК” АЖ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш соҳасидаги энг йирик халқаро ташаббуси – Глобал келишувига қўшилди. БМТнинг Глобал келишуви инсон ҳуқуқлари, меҳнат муносабатлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича универсал тамойилларга амал қиладиган компанияларни бирлаштиради. Комбинат БМТнинг Глобал келишувига қўшилганлиги компаниянинг ўз фаолиятига мазкур келишувнинг 10 та тамойилига риоя қилиши, корпоратив бошқарувни такомиллаштириши, шаффофликни ошириши ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини интеграция қилишга интилишини акс эттиради.

Тадбирда коррупцияга қарши тарғибот буклетлари тарқатилди ҳамда махсус видео ролик намойиш этилди.
Якунда ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири