Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу галги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг айни масалага бўлган эътибори бугунги янгилик эмас. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бинобарин, Тошкент шаҳар судлари томонидан ҳам манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш, коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантиришга жиддий эътиборга қаратилаётир. Яъни тизимда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича "инсон-жамият-давлат" тамойилини рўёбга чиқариш мақсад қилинган.
Президентимиз 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш бу – одил судловга соя солиш, деб баҳоланишини қайд этгани бежиз эмас. Негаки, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш коррупцияга йўл очиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш борасида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида ҳак (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ҳамда уни кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Мазкур тартибга риоя қилган судья ва суд аппарати ходимлари муносиб рағбатлантирилмоқда.
Бундан ташқари, Олий суднинг расмий веб-сайтида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган алоқа каналлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган. Қолаверса, коррупцияга қарши ички назорат гуруҳига онлайн хабар юбориш учун махсус платформа ишга туширилган.
Судья аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт. Энг муҳими, судья ўзининг дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки жамият олдидаги улкан масъулияти деб тушуниши керак. Аксинча, коррупциявий жиноятлар учун айбдор шахсларга ҳукм чиқарадиган судьянинг ўзи шундай жиноятларга қўл уруши кечирилмас ҳолатдир. Зеро, коррупцияга йўл қўйган ҳар бир шахс онгли равишда ўз Ватани, оиласи, яқинлари, қолаверса, фуқаролик ва инсоний бурчига хиёнат қилади.
Албатта, судья коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қатъиятлик билан жазо муқаррарлигини таъминлаши шарт. Энг асосийси, судья коррупциянинг илдизи бўлмиш ортиқча ҳашамат ва дабдабага барҳам бериши, ҳалоллик билан рўзғор тебратиши ҳамда ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиши зарур. Шунингдек, коррупциявий жиноятлар, давлат харидлари, ер муносабатлари ва бошқа ишлар бўйича чиқариладиган хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш ҳам муҳим.
Нафақат пойтахт судларида, балки бутун суд тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадида алоҳида эътибор қаратилаётган яна бир вазифа – рақамлаштиришни жадаллаштириш орқали соҳага сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш, ишларни юритишнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиб, инсон омилини кескин камайтиришдир. Бу ўз навбатида, зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклаши ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар кун тартибини янги мазмун билан бойитиши ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбарининг "Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак", деган гаплари барчамиз учун ҳаётий дастуруламал бўлмоқда. Буни унутмаган судьянинг иродасини ҳеч қандай омил ва таъсир буколмайди.
Дилноза Ҳолиқназарова,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси.