Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупция иллат, унга қарши барча курашмоғи керак
15:15 / 2025-10-08

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши мажлислар залида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси томонидан “Юксалиш” ҳаракати вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши жамоавий иммунитет: фуқаролик жамиятининг роли ва вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарадорлиги, коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ҳақида сўз юритилди.

– Коррупцияга қарши кураш бу давлат бошқаруви тизимини шаффоф, адолатли ва самарали қилиш учун зарур бўлган тартиб ва чора-тадбирлар йиғиндисидир. Унинг асосий мақсади эса коррупциянинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш, жамиятда қонунийлик ҳамда адолат муҳитини мустаҳкамлашдан иборат, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. – Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши курашда давлат органларининг фаолиятини кузатиб бориш, ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва ошкор қилишда муҳим омил ҳисобланади. Бу механизм давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлайди.

Юртимизда коррупция ҳолатларига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш, илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бу борадаги муҳим ташаббуслардан биридир. Президент қарорида бу йўналишга алоҳида урғу берилиши давлат ва жамиятнинг биргаликда ҳаракат қилиши, коррупциянинг фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки кенг жамоатчилик иштирокида олдини олишга хизмат қилади. 

– Эндиликда миллий ва халқаро грантлар ҳисобидан коррупцияга қарши курашиш бўйича йирик тадқиқотлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилмоқда, – дейди “Юксалиш” ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алижон Жалилов. – Грантлар орқали молиялаштирилган тадқиқотлар мустақил ва холис натижаларни олишга ёрдам беради, замонавий методология ҳамда халқаро тажриба олиб кирилади. Ҳар йили ННТларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича лойиҳалари учун 10 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратилиб борилади. Танлов мезонлари эса лойиҳанинг амалий аҳамияти, инновацион ёндашуви ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш даражасига қараб баҳоланади.

Тадбир якунида коррупцияга қарши курашда давлат органлари билан биргаликда фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланиб, фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳоли ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш учун ҳамкорликда ҳаракат қилишга келишиб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири