Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан брифингда коррупцион ҳолатларни аниқлаш юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида маълум қилинди.
Агентлик ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилованинг қайд этишича, ўтган бир йил давомида ўтказилган ўрганиш тадбирларида тўпланган ҳужжатлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 34 жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишларининг 26 таси бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, 3 таси ҳужжатларни қалбакилаштириш, 2 таси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 1 таси солиқ тўлашдан бўйин товлаш, 2 таси фирибгарлик ва фирибгарлик йўли билан пора олиш жиноятлари ҳисобланади.
Ушбу жиноятларни ҳудудлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак: Самарқанд вилоятида 8; Андижон вилоятида 6; Тошкент шаҳрида 6; Жиззах вилоятида 4; Наманган вилоятида 3; Қорақалпоғистон Республикасида 3; Тошкент вилоятида 2; Қашқадарё вилоятида 1; Навоий вилоятида 1 та жиноят содир этилган.
Мазкур жиноятларнинг 4 таси республика, 10 таси вилоят, 20 таси туман-шаҳар ташкилотлари ҳисобига тўғри келган.
Соҳалар бўйича ўрганилганда, қурилиш соҳасида 11, соғлиқни сақлаш соҳасида 7, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида 4, олий таълим соҳасида 3, халқ таълими соҳасида 3, давлат харидлари соҳасида 2, сув хўжалиги соҳасида 2, бошқа соҳаларда 2 та жиноят содир этилган.
Жумладан, Андижон, Жиззах ва Навоий вилояти ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ва бошқа буюртмачи ташкилотларида жами 461,3 миллиард сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 қурилиш объектлари ўрганилди. Натижада Андижон вилоятида 18, Жиззах вилоятида 11, Навоий вилоятида 7 та танлов ва тендерларни қонунга хилоф равишда ўтказиб, қурилиш объектларида давлат бюджетига турли кўринишда 19,6 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланди.
Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан Зомин тумани тиббиёт бирлашмасида перинатал маркази қуриш, Зарбдор тумани ҳокимлиги маъмурий биноси, Зомин туманидаги 60-сонли мактаб ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалини реконструкция қилиш бўйича танлов ўтказилмай, харид комиссияси баённомалари сохталаштирилиб, айрим қурилиш-пудрат ташкилотлари ғолиб бўлишига шароит яратиб берилган.
Ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича юборилган ҳужжатлар асосида прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 167- ҳамда 209-моддалари билан жами ўнта жиноят иши қўзғатилган.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида ўтказилган ўрганишда эса 9,2 миллиард сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14 миллиард 902 миллион сўмга, яъни 5 миллиард 643 миллион сўм қиммат нархларда харид қилингани, 4,9 миллиард сўмлик тендер ва 186,1 миллион сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар қонун талабларига зид равишда ташкил қилингани аниқланди.
Ўрганиш натижаларига асосан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан иккита жиноят иши қўзғатилди.
Яна бир ўрганишда Норин – Қорадарё ирригация тизимидаги Олтинкўл ирригация бўлими мансабдор шахси Б.М. давлат бюджетидан ажратилган 200 миллион сўмлик иш ҳақини сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштиргани аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Б.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Агентлик сўровномаларига асосан қўзғатилган 34 жиноят ишидан 15 таси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш натижалари бўйича қўзғатилган.
Хусусан, Ўзбекистон Брокерлар ассоциациясининг мурожаатига асосан Туризм ва спорт вазирлигида ўрганиш ўтказилди. Ўрганишда, спорт анжомлари ва жиҳозлари харид қилишда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларининг бузилганлиги аниқланиб, вазирлик мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг 167-, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Агентлик коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, келиб тушган аризалар асосида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ер сотиш, пора талаб қилиш, фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича 7 та тезкор тадбирда иштирок этган.
Агентлик бундан буён ҳам коррупция хавфи юқори бўлган соҳа ва ҳудудларда ўрганиш ишларини давом эттириб, натижалари бўйича жамоатчиликка ахборот бериб боради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 августдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан еanticor.uz сайти ишга туширилган бўлиб, мазкур портал орқали фуқаролар коррупция ҳолатлари бўйича Агентликка мурожаат қилиши мумкин.
Н.Абдураимова,ЎзА