French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коррупция ҳақида хабар берган шахс қандай ҳимоя қилинади? (+видео)
19:08 / 2025-10-22

Коррупция ҳолатларини кўрганда, кўпчилик уни кўрмасликка олишга ҳаракат қилади. Чунки, буни ошкор этиш, тегишли органларга хабар бериш ўша шахснинг кейинги фаолияти, ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин.

Сир эмаски, кўп ҳолларда масъул мансабдор шахслар ваколати устунлигидан фойдаланиб коррупцияга қўл уради. Буни билган ходим коррупция ҳақида хабар берса, ишдан ҳайдалиши ҳеч гап эмас. 

Шунинг учун коррупция ҳақида хабар берувчилар ҳимоясини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон Президентининг фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасида коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифа доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупция ва коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Пойтахтимизда бошланган V Тошкент Аксилкоррупция форуми доирасида ўтказилган сессияда мазкур қонун лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. 

Тадбирнинг очилишида БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Акико Фужии қонун коррупцияга қарши курашишни кучайтиришга қаратилганини таъкидлади. Зотан, бу иллат унга қарши ошкора курашилмаслиги туфайли дунё бўйлаб кўплаб содир бўлмоқда. Миллионлаб долларлар шу иллат туфайли йўқолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши курашиш, камбағалликка қарши курашиш бўйича сезиларли ишларни амалга оширмоқда. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) вакиллари, халқаро экспертлар, вазирлик-идоралар масъул ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда хабар берувчиларни ҳимоя қилишнинг илғор халқаро тажрибалари, ҳуқуқий асослар ва уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришга оид ҳуқуқий асослар мавжуд бўлса-да, хабар берувчиларни ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари етарлича шаклланмаган. 

Шу сабабли, хабар берувчиларни аниқ ва мукаммал ҳимоя қилиш учун қонуний асослар яратилиши зарур. Зеро, бундай амалиёт 60 га яқин мамлакатда мавжуд.

[gallery-25868]

Қонун лойиҳаси БМТ Тараққиёт дастури ҳамда ИҲТТ стандартларига мос ҳолда тайёрланган бўлиб, уни тайёрлаш жараёнида маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этган. 

Қонун лойиҳасида хабар берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органларининг ваколатлари, ҳимоя чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби, хабар берувчини рағбатлантириш асослари ҳамда хавфсизлик чораларини таъминлаш механизмлари белгиланган.

Хабар берувчиларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлаш, ҳимоя ордери бериш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларни вақтинча алмаштириш, оммавий ахборот воситалари орқали баёнот бериш имкониятини яратиш каби чоралар назарда тутилган. Шунингдек, хабар берувчилар шахсий маълумотларининг махфийлиги таъминланиши шартлиги белгиланмоқда.

– Kоррупция ҳақида хабар бериш адолатга эришишни таъминлайди, – деди Акико Фужии. – Шу боис, уларни ҳимоялаш зарур. Янги қонуннинг муҳим жиҳати – халқаро стандартларга жавоб берадиган соддалаштирилган хабар бериш электрон тизими жорий этилаётганидир. Бу ҳар бир хабар шаффоф кўриб чиқилишини таъминлашга ёрдам беради. Ушбу қонун Ўзбекистон учун коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўлида муҳим қадамдир. Бу Марказий Осиёда қабул қилинган биринчи шундай ҳужжат сифатида тарихда қолади. Агар қонун самарали амалга оширилса, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда минтақавий етакчига айланиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу ташаббус бутун жамият, журналистлар вa фуқароларнинг фаоллигини оширади.

Сессия доирасида коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни, шунингдек, коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилишда хорижий амалиёт, хусусан, Литва тажрибаси ҳақида маълумот берилди. 

Тадбирда билдириладиган амалий тавсиялар, таклиф ва мулоҳазалар асосида қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XhvC-wKGyis" title="Korrupsiya haqida xabar bergan shaxs qanday himoya qilinadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова, Аслиддин Алижонов (сурат), 

Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА мухбирлари