9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни
Бугун давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги миллий модель яратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг аниқ натижа ва самаралари кўзга ташланмоқда. Шу туфайли элимизда давлат сиёсатига бўлган ишонч, тараққиёт мақсадларига эргашиш йўлида иммунитет шакланмоқда.
Жорий йилда давлат раҳбари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида “Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат”, дея таъкидлаган эди.
Бу борадаги ислоҳотларнинг аниқ натижа ва самараларига назар ташлайдиган бўлсак, ҳудудларда коррупциянинг олдини олиш бўйича барча соҳа ва тармоқларни қамраб олувчи “Йўл хариталари” тасдиқланди. Давлат органлари ва ташкилотларида 11 487 та манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилди, айни йўналишда бўйича 85 минг нафардан ортиқ давлат хизматчилари ўқитилди, ҳуқуқий эксперимент сифатида Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот” АЖларнинг ички назорат тузилмалари Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўтказилди, Коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича Минтақавий тадқиқот маркази ташкил этилди.
Бу борада шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш мавзуларида 3 миллиард 761 миллион сўмлик грантлар эълон қилинди, 1 июлга қадар 800 нафарга яқин раҳбар коррупцияга қарши барқарорлик даражаси бўйича тестдан ўтказилди.
Яна бир муҳим жиҳат эса БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлари конференциясининг 11-йиғилишида Ўзбекистон Марказий Осиёда коррупцияга қарши сиёсатда ташаббускор давлат сифатида эътироф этилди. Конференциянинг асосий мақсади – минтақа мамлакатларининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириш, ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш ҳисобланади.
Минтақада коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини энг жадал тарзда амалга ошираётган мамлакат сифатида Ўзбекистон делегациясининг тақдимот ва ташаббуслари алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Бундан ташқари, очиқлик бўйича Open Data рейтингида Ўзбекистон 138 поғонага кўтарилиб, Марказий Осиёда биринчи, жаҳонда 11-ўринни эгаллади. Бу каби ютуқлар замирида мамлакатимизда коррупция иллатига қарши шаклланаётган қарашлар ва курашларни кўриш мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш миллий экотизимини кучайтириш” техник кўмак дастури ҳудудларда ҳам жорий этила бошланди. Дастур доирасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Бухоро вилояти Вобкент тумани ва Жиззах шаҳрида “Шаффоф шаҳарлар” ва “Ҳалол муниципалитетлар” пилот лойиҳалари амалга оширилиши натижасида ҳудудий бошқарувдаги 61 турдаги коррупциявий хавф-хатарлар аниқланиб, чуқур таҳлил қилинди ва ҳар бир ҳудуд учун 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Айни жараёнда Ўзбекистон расман Осиё ва Тинч океани давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш ташаббуси (ACI) аъзолигига қабул қилинди. Юқорида берилган яна ўша саволга қайтамиз: халқ фаровонлигини таъминловчи амал нима? Шу ўринда мақсадли ислоҳотларнинг энг аввали ҳам коррупция йўлига қўйиладиган тузоқ билан бошланади, деб айтишимизга сабаблар маълум. Боиси бу иллат – танламас миллат. Демак у соҳа ҳам танламайди. Унга қарши курашиш эса биринчи навбатда инсон онгида шакллансагина, ўша фуқаро айни жамиятда дахлдорлик ҳисси билан яшаётганидан далолатдир.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА