Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Коррупция ва манфаатлар тўқнашувига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга бўлиб, бу иллатга қарши ҳар бир даврда қаттиқ кураш олиб борилган.

Жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш мамлакатимизда ҳам долзарб.
Семинар давомида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ҳамда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сон қарори ҳақида сўз борди.

Шунингдек, семинарда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. Семинар якунида эса давлат хизматчилари фаолиятида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Гулноза Бобоева,
ЎзА