Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корпоратив бошқарув такомиллашмоқда
14:03 / 2015-10-23

Мамлакатимизда хусусий секторни изчил ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.

Мамлакатимизда хусусий секторни изчил ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Навоий вилоятида мазкур ҳужжат ижроси доирасида 22 акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув тизими жорий этилмоқда.

– Мазкур фармонда акциядорлик жамиятларига халқаро андозаларга мос замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш белгиланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Яшин Душанов. – Чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятлари ташкил этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ҳужжат акциядорлик жамиятлари фаолиятини янги босқичга кўтариш билан бирга, мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Энди жамиятлар бошқарувидаги эски бўлинма ва лавозимлар тугатилиб, замонавий талабларга мос бошқариш тузилмаси тубдан қайта ташкил этилади. Давлат улушига эга акциядорлик жамиятлари раҳбарлари таркиби корпоратив бошқарувнинг замонавий услуб ва принциплари, менежмент ва маркетингни, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқаришни бошқариш тизимида қўллай билиши бўйича аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Аттестация якунлари бўйича бўшаган лавозимларга юқори малакали раҳбарлар, шунингдек, хорижий менежерларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Фармоннинг 2-бандига асосан вилоятда 10 ночор ва тугатилиши ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилиши лозим бўлган акциядорлик жамиятларининг 3 тасини тугатиш ҳамда 7 тасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятдаги 12 акциядорлик жамиятида давлат улуши мавжуд. Айни пайтда корхоналарда фармонга мувофиқ, акциядорлик жамиятларининг бошқарув тизимига хорижий менежерларни жалб қилиш, ижро органи раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарорни хорижий менежерлар иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилиш тартибининг жорий этилаётгани соҳани янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, жорий йилдан бошлаб барча акциядорлик жамиятларида йиллик молиявий ҳисоботларнинг нашр этилиши, халқаро аудит стандартлари ҳамда халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи аудитнинг ўтказилиши улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаб, акциядорлар ишончини янада мустаҳкамлайди.

– Замонавий корпоратив бошқарув услубларидан фойдаланиш корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш ҳамда акциядорлик жамиятлари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади, – дейди “Навоий иссиқлик электр станцияси” очиқ акциядорлик жамияти қимматли қоғозлар бўйича мутахассиси Отабек Худоёров. – Айниқса, акциядорлик жамиятларига корпоратив бошқарувнинг халқаро тажрибада синовдан ўтган илғор усуллари кенг жорий этилаётгани ижро органининг акциядорлар ва инвесторлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда бошқарув ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб маҳоратини ошириш, шунингдек, корхоналарда раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилиш янгича иш услубларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини оширади. Жамиятимиз активлари давлат улушига эга бўлгани боис раҳбарлар таркиби корпоратив бошқарувнинг замонавий услуб ва принциплари, менежмент ва маркетингни, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқаришни бошқариш тизимида қўллай олиши учун аттестациядан ўтказилди. Айни пайтда акциядорлик жамиятининг 48 фоиз давлат активларини баҳолаш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, мазкур фармон акциядорлик жамиятлари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш мақсадида фармонга мувофиқ бошқарув ходими сифатида жалб этилган хорижлик мутахассислар даромади солиқ ва суғурта бадалларидан озод этилгани акциядорлик жамиятлари учун катта имтиёзлар яратади.