ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Короскон” тарихий музейи 18 май – Халқаро музейлар кунида қайта бунёд этилган янги бинода иш бошлади.
Тадбиркор Жамолиддин Низомов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу музей миллий меросимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш мақсадини кўзлаган.
Музей биноси замонавий тарзда, 2 қаватли қилиб қайта қурилди. Айни пайтда маскан экспозициясида XVII–XXI асрларга оид 2000 дан ортиқ тарихий экспонат жамланган. Улар орасида қадимги қўлёзмалар, турли даврлар учун хос маиший ва этнографик буюмлар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, антик автомобиллар, фотосуратлар ва тарихий ҳужжатлар бор.
Шунингдек, музей ҳудудида 2500 дан зиёд китоб фондига эга замонавий кутубхона ташкил этилган. Унда тарих, адабиёт, санъат ва замонавий илм-фанга оид асарлар жой олган.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, тарихчилар, соҳа вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этиб, юртимизда тарихий хотирани абадийлаштириш, маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. “Короскон” музейи бу йўналишдаги ишларнинг яна бир амалий намунаси бўлгани таъкидланди.
[gallery-23436]
Иштирокчилари музей ва кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА