Коронавирусни яширганлик учун қандай жазо бор?
Ёки кимларга биринчи навбатда автомобил рухсатномаси берилади?
Ёки кимларга биринчи навбатда автомобил рухсатномаси берилади?
Брифингда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятни яшириш, яъни инфекцияни юқтирган, уни тарқатган шахс буни яшириши қандай жавобгарликка сабаб бўлиши, давлат хизмати кўрсатилганда вирус тарқалмаслигининг олдини олиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб қайтарилди. Шунингдек, бугунги кунда долзарб бўлиб турган автомобил рухсатномаси биринчи навбатда кимларга берилиши бўйича маълумот берилди.
– Инфекциянинг юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик мавжуд, – деди С.Ўринбоева. – Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган. Унга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳақиқий ҳолатни яшириш яъни мулоқотда бўлган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаслиги одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса, одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса ёки одамларнинг ўлимига сабаб бўлса шахс жиноий жавобгарликка тортилади.
Давлат ташкилотларида хизмат кўрсатиш жараёнида инфекциянинг олдини олиш мақсадида асосан онлайн хизматлар жорий этилди. Мисол учун, давлат хизматлари марказларида автомобиль учун махсус рухсатнома Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан берилади. Махсус рухсатномалар бериш тизими жорий йил 29 мартдан бошланди.
Махсус рухсатнома учун марказга ташриф буюришдан олдин, марказга олдиндан телефон қилиб, маълумотлар оператор томонидан тўлдирилганидан сўнг қабул қилинади. Аввалдан рўйхатдан ўтмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари кўриб чиқилмайди.
Рухсатномалар қуйидаги фаолиятларни амалга ошириш учун бириктирилган автотранспорт воситаларига тақдим этилади:
озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари;
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.
Бундан ташқари, брифингда меҳнат қонунчилиги, карантин қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларда қандай жавобгарлик бўлишига оид саволларга жавоб қайтарилди.