Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коронавирусни тарқатиш терроризм билан тенглаштирилмоқда
13:30 / 2020-04-06

Бугун дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони қарийб 1 миллион 274 минг кишини ташкил этмоқда.


Бугун дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони қарийб 1 миллион 274 минг кишини ташкил этмоқда. Шундан 260 минг нафардан зиёд бемор соғайган, 69,5 мингга яқини вафот этган.

Айнипайтда деярли барча давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. COVID-19 вируси тарқалиб кетишини бартараф этиш ва касалликка чалинган беморларни даволаш бўйича шошилинч чораларни тезкор амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

Коронавирус дунёга қандай таъсир кўрсатмоқда?

Коронавирус эпидемияси АҚШнинг йирик штатларига ҳам хавф солмоқда. Бугун Нью-Йоркнинг сайёҳлик марказлари мутлақо бўшаб қолган. Бундай кимсасиз Таймс-скверни фақат офат фильмларида кўриш мумкин эди. Бугун энг машҳур туризм ўчоқлари ҳам бўшаб қолган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда AҚШда коронавирус билан оғриган беморлар сони 277 мингга яқинлашиб, юзлаб одамлар ҳалок бўлди. “Westside”даги энг йирик кўргазма маркази АҚШ Президенти буйруғи билан касалхонага айлантирилмоқда.

Англияда ҳозирга қадар 60 минг киши касалликни аниқлаш учун тест топширган. 6 минг киши вирусга чалинган, шундан 560 киши вафот этган.

Италияда оммавий ўлимлар кўпайиб кетганлиги сабабли кимнингдир сабабсиз уйидан чиққани аниқланса, унга 5 минг евро жарима белгиланмоқда.

Россия ҳукумати минтақада барча тунги клублар, кинотеатрлар ва кўнгилочар марказларни ёпишни буюрди, агар ишласа кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди. Янги қонун лойиҳасига кўра, қоидабузарларга, агар ҳеч ким жабрланмаган бўлса, 500 мингдан 2 миллион рублгача жарима солинади, мабодо вирус юқтирган фуқаро туфайли бошқалар ҳам касалланса, жиноятнинг оғирлигига қараб 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳиндистоннинг 1,5 миллиард аҳолиси ҳеч қандай истисноларсиз тўлиқ уйда ушлаб турилибди. Тартибга риоя қилмаётган фуқаролар полиция томонидан куч ва таёқ билан уйга ҳайдаб киритилмоқда, қонунбузарларни "жамиятнинг душмани" деб аташмоқда.

“Агар биз йигирма бир кунлик карантинда ўтира олмасак, сиз, сизнинг оилангиз ва бутун мамлакат 21 йил орқага қайтиб қолишимиз мумкин...” дейди Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди.

Коронавирус туфайли 50 дан ортиқ инсон ҳалок бўлганига қарамай, Бразилия иссиқ пляжларида одамларни ҳайдаш янада қийинлашмоқда. Полиция шафқатсиз жазо чораларини қўллаб, вертолётлардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Италияда эса ҳамон кескин вазият сақланиб турибди. Одамлар уйда қолишни рад этмоқда. Мамлакатда бир кунда юзлаб одамлар ўлими қайд этилган, вирусга чалинганлар сони эса жуда кўп.

БААнинг марказий мегаполисларидан бири бўлган Дубайда полициячилар одамларни дронлар ёрдамида уйга ҳайдамоқда. Германияда карантин қоидаларини бузганлар қамоққа олинаётир.

ЖССТ тахминлари

ЖССТнинг тахминларига кўра, инқироз охирига қадар энг юқори ўлим кўрсаткичи АҚШда бўлади. Чунки бу ерда касалланганлар сони 277 мингга етди. Коронавирус туфайли 18 ёшгача бўлган беморнинг биринчи ўлими ҳам айнан АҚШда юз бергани сабабли эндиликда шифокорларни ёшларнинг соғлиғи ҳам ташвишга солмоқда.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг айтишича, ҳозирда штатда коронавирус юқтириб олган 2 минг 100 нафардан ортиқаҳолининг 50 фоизи 18 дан 49 ёшгача бўлган фуқаролардир.

Лос-Анжелес шаҳри аллақачон карантинга ёпилган бўлиб, бу ерда вирус сабабли ҳалок бўлганлар сони 600 дан ошиб кетди, аммо бизнес ишлари давом этмоқда. Шаҳар мэри тадбиркорларнинг барча алоқа воситаларини узиб қўйишни ваъда қилган ҳолда қуйидагича мурожаат билан чиқиш қилди: “Агарда ўрнатилган карантин тартибларига амал қилмаслик ҳолатлари давом этса, маъмурий чоралар қўлланилади, коммунал хизматлар, сув ва электр энергияси ўчирилади. Мен мурожаат қилаётган ҳар бир киши билиши керакки, ўз ишингизни тўхтатишингиз зарур, аксинча, биз тўхтатамиз!”

Бу вирусдан денгизда ҳам сақланиб қолишнинг имкони йўқ. Ўтган ҳафта давомида AҚШнинг “Тиа Дорт Рузвельт” номли ҳарбий денгиз кемаси бортида хизмат қилаётган 3 денгизчида коронавирус борлиги тасдиқланган.

Яна бир гап. Баъзи давлатлардаги фуқаролар томонидан касалликни қасддан юқтириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. АҚШда қасддан юқтириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида коронавирус расмий равишда терроризмга тенглаштирилди.

– Коронавирусни бошқаларга юқтиришни мақсад қилган одамлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, – деди АҚШ Бош прокурори ўринбосари Жеффри Розен. – Чунки бугун коронавирус “биологик агент” номли ҳуқуқий таърифга мос келмоқда. Бундай ҳаракатлар эса терроризм билан боғлиқ бўлган қонунбузилишларга олиб келиши мумкин.

Бугунги вазият барча давлатлардан кескин чоралар кўришни талаб қилаётир.

Ҳеч кимга осон эмас

Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш мақсадида Президентимиз кўрсатмалари асосида аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Карантин даврида халқимизни, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари халқимизга 3 марта мурожаат йўллади.

Афсуски, орамизда карантин қоидаларига риоя қилмасдан кўчага, шунчаки, айланишга чиқаётган юртдошларимиз ҳам учраб турибди. Бу эса жуда хавфли.

Ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланди, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросим ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади, албатта. Аммо унда кеч бўлиши мумкин.

Биргина мисол, жорий йилнинг 3 апрель куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги 53 ёшли ватандошимиз 28 март куни ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 синфдошини йиғиб, зиёфат уюштирган.

Нимага, деган савол туғилади. Ҳаммамиз вазиятни англаб турибмизку, ахир. Ҳозирда барча ОАВда “Уйда қолинг!” деган чақириқларга кўзингиз тушади, Аллоҳ эса инсонга ақл-заковат, фаҳму фаросат ато этган. Хулосани ўзингиз чиқаринг.

Анвар РАҲМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш

маркази директори.