Нукус шаҳрида фаолият юритаётган «Панаев Фармс» чорвачилик корхонаси коронавирусга қарши иммун сути ва ундан олинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
2021 йилда Халқаро молекуляр аллергология маркази ҳамда Австриянинг Вена тиббиёт университети билан ҳамкорликда ушбу сут маҳсулоти устида ишлар бошланган эди.
2022 йилда Марказ олимлари коронавирусга қарши Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан эмланган сигирларнинг иммун сутидан тажриба намуналари олди. Халқаро молекуляр аллергология маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган «Панаев Фармс» компанияси ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига кўра, наслдор сигирлар ҳамда Австрия ва Германиядан олиб келинган зотли сигирлар хавфсиз ва самарали бўлган вакцинанинг 3 дозаси билан тўлиқ эмланди.
Бўғозлик даврида эмланган сигирларнинг оғиз сутида коронавирусга қарши таначалар максимал даражада бўлиши олимлар томонидан тасдиқланди.
2022 йил январь ойининг охирида сигирлар болалай бошлади. Оғиз сути ва сутдан олинган тажриба намуналари устида кейинги клиник-лаборатория тадқиқотлари давом эттирилди.
Коронавирус инфекциясига қарши янги авлод иммун сутини олиш устидаги тадқиқотлар натижаси бўйича тайёрланган илмий мақола хорижнинг нуфузли журналларидан бирида нашр қилиниб, биринчи марта коронавирусга қарши иммун сути олиш имконияти амалиётда исботлаб берилди.
2022 йилнинг октябрь ойларидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги «Панаев Фармс» чорвачилик корхонасида коронавирусга қарши фаол нейтралловчи иммун сути пастеризацияланган сут ҳолида кичик ҳажмда ишлаб чиқариш учун технологик линиялар синовдан ўтказилди. Шу йилнинг октябрь ойида Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида маҳсулот дегустацияси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат стандартларига риоя этган ҳолда узоқ муддатли пастеризация жараёни сутнинг барча хусусиятларини, жумладан, антитаначаларнинг нейтраллаштирувчи фаоллигини сақлаб қолди.
ЎзА