Тошкентда дори воситаларини ноқонуний муомалага киритган бир гуруҳ фуқаролар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабарига кўра, Департаментнинг Бўстонлиқ тумани бўлими ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.К ва бошқалар пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарида муомалага киритиш орқали ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, жами 460 қути “SARS-COV-2 lgM/lgC” номли тиббий буюмларни 30 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шунингдек, Департаментнинг Чиноз тумани бўлими, ДХХ ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Ш ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 175 қути “Remdesivir for Injection 100 mg/Vial” номли дори воситаларини жами 7 минг 875 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Тошкент тумани бўлими ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А. 8 минг 300 дона “Никозон-С” номли дори воситасини жами 120 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА