Рамзжон Каримов 2020 йилга қадар Навоий вилояти Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият юритган. У 2020 йилда Ковид-19 инфекциясига қарши курашиш жараёнида беморларга муолажалар ўтказиш вақтида касалликни юқтирган. Даволанишлар яхши самара бермагач, 2-гуруҳ ногиронига айланган. Шундай бўлишига қарамай, фуқарога қонунчиликда белгиланган тартибда пул маблағлари тўлаб берилмаган. Натижада у вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасининг 2020 йил 12 июлдаги 147-сон буйруғи билан Р.Каримов 2020 йил 12-25 июль кунлари бирлашманинг юқумли касалликлар бўлимида ташкил этилган провизор стационарда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида сафарбар қилинган.
Фаолияти давомида у коронавирус инфекциясини юқтириб, саломатлиги кескин ёмонлашган. Тиббий таҳлиллар инфекция тиббиёт ходими Ковид-19 билан хасталанган беморга тиббий муолажалар ўтказган вақтда юққанлигини тасдиқлайди. Инфекциясидан даволангандан сўнг ҳам соғлиғи батамом тикланмаганлиги боис Р.Каримовга нисбатан ногиронлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекснинг 189-моддасида ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шартлиги кўрсатилган. Аммо мазкур норма талабларига амал қилинмаган ва Р.Каримовга тегишли тартибда маблағ тўлаб берилмаган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганиш давомида тўпланган ҳужжатларга асосан фуқаро манфаатида судга даъво аризаси киритилди. Суд томонидан мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди ва фуқарога 100 миллион сўм миқдорида маблағ ундиришга қарор қилинди.
А.Бўриев, ЎзА.