Коронавирусдан тузалганларда иммунитет ҳосил бўладими?
Ҳозир бутун дунёда тиббиёт мутахассислари, қолаверса, барчани қизиқтириб турган бир савол бор.
Ҳозир бутун дунёда тиббиёт мутахассислари, қолаверса, барчани қизиқтириб турган бир савол бор. Янги коронавирус – “COVID-19”ни бошидан кечирган инсонларда ушбу касалликка қарши курашувчи воситалар – тиббиёт тили билан айтганда иммунитет пайдо бўладими?
Афсуски, ҳозирча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари бу саволга ижобий жавоб бера олгани йўқ. Ушбу маълумотни Женева шаҳрида бўлиб ўтган брифинг чоғида ЖССТ шошилинч касалликлар бўлинмаси бошлиғи Мария Ван Керкхове баён этди.
“Бугунги кунда мазкур инфекцияни енгиб ўтганларда иммунитет ҳосил бўлиши мумкинлиги тўғрисида айрим ахборотлар бор. Бизнинг олдимизда турган вазифа хасталикнинг оғир ёки ўрта даражасини бошидан кечираётган ёки тузалиб чиққан беморларда курашувчанликнинг қандай кўринишлари пайдо бўлишини аниқлашдир“, – деган у.
Мутахассиснинг сўзларига қараганда, Шанхайда COVID-19 билан оғриб тузалган 175 киши қони плазмаси таҳлил қилинди. Уларнинг айримларида зараркунандаларга жавоб бера олиш имконияти ҳосил бўлган. Баъзиларида эса бундай ҳолат кузатилмаган. Қолаверса, бу жараён вирусга қарши иммунитет ишлаб чиқилишига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам ҳали маълум эмас.
ЖССТ айни пайт 300 мингдан ошган тузалганлар сафи янада кенгайиши билан мазкур касалликка қарши иммунитет қандай пайдо бўлишини аниқлаш мақсадида таҳлиллар ўтказиш имконияти ортади, деб ҳисобламоқда.
“Ҳозирча иммунитет қай тарзда шаклланиши тўғрисида тўлиқ тасаввуримиз йўқ“, — дея қўшимча қилган Ван Керкхове.
Ташкилот берган тавсияларга кўра, коронавирусдан соғайган бемор маълум бир муддат ҳимоя воситаларидан фойдаланиб туриши шарт.
Дарвоқе, Ўзбекистонда “Янги коронавирус – “COVID-19”ни бошидан кечирган инсонларда ушбу касалликка қарши курашувчи воситалар – иммунитет пайдо бўладими?” деган саволга жавоб топиш бўйича ҳаракатлар аллақачон, ЖССТ бу ҳақда бонг ургандан аввалроқ бошлаб юборилган.
Бу мамлакатимизда коронавирусга қарши самарали курашиш бўйича саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда, шунингдек мустақил равишда ҳам кенг кўламда йўлга қўйилганидан дарак беради.