Коронавирус яна бир сирдарёлик фуқаронинг умрига зомин бўлди
Инфекция яна бир нафар инсонни ҳаётдан олиб кетгани хусусида Гулистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Ботиров иштирокида жорий йилнинг 17 июль куни бўлиб ўтган онлайн брифингда айтиб ўтилган.
Сирдарё вилоятида яна бир нафар инсонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш оқибатида ўлим ҳолати қайд этилганлиги ҳақида Гулистон туман ҳокимлиги томонидан маълум қилинди. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча бу хабарни расман тасдиқлаган эмас.
Инфекция яна бир нафар инсонни ҳаётдан олиб кетгани хусусида Гулистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Ботиров иштирокида жорий йилнинг 17 июль куни бўлиб ўтган онлайн брифингда айтиб ўтилган.
Брифинг давомида коронавирус пандемияси даврида Гулистон туманида амалга оширилган муҳим ишлар тўғрисида атрофлича ахборот берилди.
Тадбирда, жорий йилнинг 16 март кунидан шу кунга қадар Гулистон туман ҳудудида уй шароитида – 219 хонадондаги 903 нафар оила аъзолари 14 кунлик карантинга олинганлиги, бугунги кунга қадар фуқаролар коронавирус инфекциясига палемир занжир реакцияси (ПЗР) усулида текшириш учун бурун-ҳалқумидан суртмалар олиниб, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ва вилоят санитария эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияларида 1 минг 626 маротаба тест таҳлиллари ўтказилгани, 7 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ва инфекция аниқланган беморларнинг бир нафарида ўлим ҳолати юз бергани айтиб ўтилди.
Бир неча кун муқаддам, Гулистон шаҳрида истиқомат қилган 1 нафар фуқаро коронавирус инфекцияси юқтириб олганлиги оқибатида ўлим ҳолати қайд этилганлиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расман хабар берилган эди.
Бу сафарги ўлим ҳолати Гулистон туманида яшаган фуқарода қайд этилган, аммо бу ҳолат ҳозирча, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расман эълон қилингани йўқ.