Грипп ва "SARS-CoV2" вируслари билан бир вақтнинг ўзида касалланиш респиратор инфекциянинг оғир шаклларига олиб келиши ва ўлим ҳолати хавфини ошириши аниқланган. Клиник кўриниши бўйича инфекцияларни фарқлаш қийин, бу эса нотўғри даволашга сабаб бўлиши мумкин.
Гриппга қарши эмланиш зарурми, агар зарур бўлса, икки вакцинадан қандай фойдаланиш керак?
Саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова жавоб беради:
–ЖССТнинг вақтинчалик тавсиялари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг йўриқномаларига биноан коронавирус ва гриппга қарши эмлашлар орасидаги интервал 14 кун деб белгиланган.
Агар сиз вакцинация жараёнини ўтаётган бўлсангиз, "COVID-19" вакцинацияси тўлиқ якунланганидан кейин гриппга қарши эмланиш тавсия этилади.
Коронавирус касаллигини бошидан кечирган шахслар, касалликнинг кечиш оғирлигидан келиб чиққан ҳолда, 6 ойдан кейин эмланиши мақсадга мувофиқ. Эмланишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Айни дамда коронавирус инфекцияси хавфлироқ табиатга эга, шунинг учун ҳам агар шахс ҳеч қандай эмланишни бошламаган бўлса, эмланишни "COVID-19"га қарши вакцинадан бошлаган маъқул.
Моҳигул Қосимова, ЎзА