Коронавирус: Қўшни давлатларда аҳвол қандай?
Бироз аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 264 киши коронавирусдан вафот этганини айтганди.
Қозоғистонда охирги сутка давомида яна 1726 киши коронавирусга чалингани аниқланди ва беморларнинг умумий сони 54 747 нафарга етди, дея хабар берган, мамлакат идоралараро комиссияси маълумотларига таяниб, «РИА Новости».
Бироз аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 264 киши коронавирусдан вафот этганини айтганди. Бу борадаги рақам ҳам кун сайин ўзгариб боради. Соғайганлар эса 31,2 минг нафар.
«Коронавирус инфекцияси билан зарарланиш бўйича қайд этилган янги ҳолатлар 1726 та, беморларнинг 790 нафарида хасталик белгилар билан, 936 инсонда эса симптомсиз ўтмоқда», - дейилади комиссия ижтимоий тармоқ орқали тарқатган хабарда.
Кеча вирус юқиши билан боғлиқ энг кўп ҳолат Атирау (336), Олма-Ота (217) вилоятлари ва Нур-Султон шаҳри (180)да кузатилди.
Яна бир қўшни давлат – Қирғизистонда ҳам COVID-19 билан боғлиқ вазият яхшиланмаяпти. Сўнгги маълумотларга кўра охирги бир кун давомида мамлакатда яна 511 кишида вирус топилган, 6 бемор ушбу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақдаги маълумотни «РИА Новости» мухбирига коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабидан маълум қилишган.
"2020 йил 10 июль ҳолатига республика бўйича яна 511 кишида СOVID-19 вируси аниқланди, уларнинг 260 нафари Бишкек шаҳрида", - деди штаб вакили.
Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, ўтган суткада коронавирусдан уч аёл ва уч эркак вафот этган. Шу билан бирга 80 нафар бемор соғайиб, шифохоналардан чиқарилди.
Қайд этилишича, инфекция юқтиргани кеча аниқланганларнинг 80 нафари тиббиёт ходимлари. Улар орасида мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурболот Усенбаев ҳам бор. Пандемия бошлангандан буён Қирғизистонда ҳаммаси бўлиб 1450 тиббий ходим янгича вирусни юқтириб олган.
Шундай қилиб, бугунги кунгача республикада жами 9358 фуқаро коронавирусга учрагани маълум. Қурбонлар сони 122 нафарни ташкил этмоқда. 3134 бемор хасталикни енгиб ўтди.
Дарвоқе, штаб хабарига кўра, охирги сутка мобайнида яна 40 киши касалхоналардан ташқарида, пневмония оқибатида ҳалок бўлгани ҳам айтилмоқда. Мазкур касаллик туфайли пандемия бошидан бери 350 киши ҳаёт билан видолашди. Бугун Қирғизистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримовга ҳам пневмония ташҳиси қўйилгани эълон қилинди.