Сиёсий фанлар доктори: Коронавирус халқаро сиёсатни ўзгартирмоқда, энди ҳеч нарса илгаридек бўлмайди
Бугун коронавирус инфекцияси пандемияси халқаро сиёсатни тубдан ўзгартирмоқда, деган фикр кенг тарқалди.
Бугун коронавирус инфекцияси пандемияси халқаро сиёсатни тубдан ўзгартирмоқда, деган фикр кенг тарқалди. Энди ҳеч нарса илгаридек бўлмайди.
Дарақиқат, пандемия сиёсий тизимдаги барча камчиликлар, харажатлар ва камомадларни фош этди. Уларнинг аксарияти бундай кенг миқёсдаги пандемияга тайёр эмас эди. Бизни ушбу муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ катта ўзгаришлар кутмоқда.
Бироқ менинг назаримда, ҳозирги ўзгаришлар теран хусусият касб этмаяпти, халқаро муносабатлар тизимининг асосига: элементларининг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро таъсирчанлигига таъсир кўрсатмаяпти. Халқаро соҳада юз бераётган ўзгаришлар эски, панемиягача бўлган тенденциялар, масалан, глобализация ва минтақалашув, давлатларнинг ҳар томонлама модернизация қилиниши, хавфсизликнинг янги андазасининг шаклланишининг тезлашиши, ривожланиши ва чуқурлашишини билдиради, холос. Ўзгаришлар хавфсизликни таъминлаш бўйича аввалги механизмларни такомиллаштириш, миллий стратегияларни амалга ошириш бўйича янги воситалар ва услубларни танлашга ҳам тааллуқлидир.
Ҳатто глобал давлатлар ҳам бошқарув соҳасида инқирозни бошдан кечирмоқда, бу албатта сайлов кампанияларнинг фаолиятига таъсир кўрсатиб, келгусида у ёки бу етакчиларнинг алмашинувига, ташқи сиёсий муҳитда тегишли ўзаришлар киритилишига, ва халқаро муносабатлар соҳасида кучларнинг жойлашувига олиб келади. Шу билан бирга, глобал мамлакатлар, хусусан АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар, уларнинг геосиёсий рақиб эканлигига қарамай, ушбу мамлакатлар иқтисодиёти ва глобал хавфсизлик масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш зарурати туфайли етарли даражада конструктивлигича қолиши аниқ.
Ривожланган ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар чуқурлашади. Ҳар қандай мамлакатнинг халқаро муҳитдан ўз-ўзини яккалаши инфекцияга қарши курашда унга вақтинча ёрдам бериши, шубҳасиз. Пандемия шароитида халқаро санкциялар пандемия бошлангунга қадар, хусусан Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасида мавжуд бўлган гуманитар инқирозни кучайтириб, кескинлаштирмоқда.
Шу сбабли ривожланаётган мамлакатларнинг вирус инфекцияси ва унинг оқибатлари билан боғлиқ муаммолари етакчи мамлакатларнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги учун доимий хавф ва таҳдидларининг манбаси бўлиб қолаверади. Ҳаттоки, юксак ривожланган Ғарб тизими ҳам пандемияга қарши тайёр эмаслиги ва заифлигини кўрсатди.
Афтидан, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг минтақавий ва глобал ривожланишнинг ҳозирда талаб этилаётган барча йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиши бунинг мантиқий натижаси бўлиши кутилмоқда. Европа Иттифоқи Эрон ва Афғонистон сингари инфекция хавфи бор мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаол тарзда чора-тадбирларни қабул қилаётгани ҳам бежиз эмас.
Шу билан бирга, энг тезкор ва самарали ёрдам ушбу минтақалар доирасида тақдим этилиши англашинарли, бу сўнгги пайтларда ривожланиб бораётган минтақалашув тенденцияларини бирлаштириб, янада чуқурлаштиради. Мамлакатларнинг географик жойлашуви ва тарихий-маданий яқинлиги омили ҳам ўз таъсирини кўрсатади, бу ҳамкорлар ўртасида ўзаро тушунишни, муросаага келишни анча енгиллаштиради. Ижтимоий-иқтисодий ва институционал муаммоларнинг бир-бирига ўхшашлиги ҳам муҳим омиллигича қолмоқда - аксарият давлатлар пандемиядан анча олдин бошлаган ҳар томонлама ислоҳотларини ҳали тугатганларича йўқ. Тегишли равишда, мамлакатлар ўз ресурсларини бирлаштиришга ва пандемияга қарши курашиш масалаларини мувофиқаштиришга ҳаракат қилмоқда. Турк давлатлари иттифоқи, Евроосиё ҳамкорларининг бир-бирини қўллаб-қувватлаши (Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Корея) бунга мисол бўла олади. Айни пайтда пандемия шароитида давлатларнинг соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқарув, IT-технологиялар ва бошқа соҳаларни такомиллаштиришга бўлган талаблар бундай минтақавий ҳамкорликнинг кун тартибини янада кенгайтиради, бу соф эпидемиологик масалаларни муҳокама қилиш чегарасидан ташқарига чиқади. Хусусан, буларга транспорт-транзит йўлакларни ишга тушуриш, мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, давлатлараро чегара-ўтиш пунктларида қўлланиладиган ягона меъёрлар, қоидалар ва тартибларни ишлаб чиқиш, қисман, ҳозирги ва келгуси пандемияларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар киради.
Коронавируснинг тарқалишини олдини олиш ва ана шу мақсадда кучсиз ва ҳимоясиз давлатларга ёрдам кўрсатиш масалалари билан шуғулланадиган халқаро институтларнинг фаолияти ҳам жонланмоқда. Бу жараёнда халқаро тузилмаларнинг янада самарали иш усулларини топиш ишлари давом эттирилмоқда. Марказий Осиё минтақасида коронавирусга қарши курашда фаол қатнашаётган ЖҲТ, БМТ, Ислом ва Осиё тараққиёт банкларининг фаолияти бунга мисол бўлади.
Умуман олганда, гап аввалги модернизациялаш тенденцияларини жадаллаштириш ва чуқурлаштириш ҳақида бормоқда. Ушбу тенденциялар суръатинининг сусайиши давлатларнинг умумий тараққиётига ҳам, соғлиқни сақлаш тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда глобаллашув минтақавий тенденцияларнинг ўсиши билан тобора чирмашиб бормоқда, халқаро ҳамкорликдаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бунда реал ва юз бериши мумкин бўлган пандемияларни акс эттиришга алоҳида урғу бериш жараёнлари анча жадаллашмоқда. Шубҳасиз ривожланган транспорт-транзит тизими, логистика ва бунинг учун зарур бўлган инфратузилмалар бир-бирига ўз вақтида ёрдам бериш, қизиқиш уйғотадиган барча йўналишлар бўйича, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида умумий тараққиётга эришиш имкониятининг кафолатидир, бу ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Дунё ягона бошқарув тизимига эга “глобал қишлоққа” айланганича йўқ ҳали, у кўпроқ ўзига хос турмуш тарзига эга минтақавий давлатлар (МО, ЕОИИ, ЕИ ва б.ш) бирлашмасини ифодаламоқда. Бироқ шу билан бирга бирлашмалар ва давлатлар барқарор ва хавфсиз ривожланиш йўлидаги фаолияти бўйича ҳозирги кунда мавжуд бўлган ва ишлаб чиқилаётган ягона меъёрларга амал қилиш масалаларига янада жиддий эътибор қаратиши лозим.
Г. Йўлдошева,
сиёсий фанлар доктори