Коронавирус овқат орқали юқадими?
Унинг таъкидлашича, буни бир нечта симптомлар, масалан, ҳид ва тамни йўқотиш тасдиқлайди.
SARS-CoV-2 коронавируси нафақат нафас олиш йўлини зарарлайди, балки мия ва марказий асаб тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
"COVID билан оғриган ҳар бир беморда, ҳатто хасталикнинг енгил формасини бошдан кечирган бўлса ҳам мия ва нерв системасида ўзгариш кузатилади", — дейди Россия педиатрлар иттифоқи президенти Лейла Намазова-Баранова.
Унинг таъкидлашича, буни бир нечта симптомлар, масалан, ҳид ва тамни йўқотиш тасдиқлайди. Бу марказий асаб тизимининг зарарланганига ишорадир.
Ўтган ойда врачлар ва олимлар коронавирус сабабчи бўлган жуда кўп инсульт ҳамда бошқа асаб хасталиклари билан боғлиқ ҳолатларни рўйхатга олди, деди Намазова-Баранова.
Коронавирус асаб тизимига салбий таъсир этади
Машҳур невролог, профессор Игор Коральник бошчилигидаги АҚШ Шимоли-Ғарбий университети олимлари Northwestern Medicine тиббий марказида COVID-19 билан оғриган беморларни таҳлил қилди. Уларнинг қарийб ярмида неврологик симптомлар кузатилган. Бош оғриги, ҳушёрликнинг пасайиши, диққатни бир жойга жамлаш қийин кечиши, қалтираш, мускулларнинг оғриши, ҳамда ҳид ва там билишдаги муаммолар шулар жумласидандир.
Докторнинг таъкидлашича, COVID-19 келтириб чиқариши мумкин бўлган неврологик муаммоларга сабаб бўлувчи омиллар талайгина. Чунки мазкур касаллик бир нечта органларни зарарлаш мумкин (ўпка, буйрак, юрак), миянинг ҳам қон айланиши бузилишидан азият чекиш эҳтимоли юқори. Бу эса, ишемик ёки геморрагик инсультни келтириб чиқариши мумкин.
Коронавирус овқат орқали юқмайди
COVID-19нинг овқат орқали юқиши билан боғлиқ далил йўқ, деди ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райян.
"Вирус юқишда озиқ–овқат занжирининг иштирок этиши ҳали исботлангани йўқ", - деди у.
ЖССТнинг фавқулодда касалликлар бўлими техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкхове вирус озиқ-овқат қадоқланган қутилар юзасида қоладими, деган саволга ойдинлик киритар экан, у вирус буюм, идишлар юзасида қолиши мумкинлигини тасдиқлади. Бунга у Бразилиядан Хитойга экспорт қилинган товуқ қаноти жойланган қадоқларни мисол келтирди.
"Бизнинг тушунишимизча, Хитой бир неча юз қадоқни тестдан ўтказган. Уларнинг фақат ўнтасида коронавирус борлиги аниқланган. Ҳақиқатан ҳам, вирус қандайдир бир муддат қути юзасида қолиши мумкин. Бироқ овқатнинг ичида тирик қололмаслиги аниқ.
Нега Россияда яратилган вакцинага шубҳа билдирилаяпти?
Маълумки, яқинда Россияда дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцина яратилди. Бу ҳақда Президент Владимир Путин шахсан ўзи эълон қилди.
Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вакцина шубҳасиз, Россиянинг катта ютуғи эканини таъкидлар экан, дунё миқёсида уни қўллашга ҳали эрта эканини маълум қилди. Қолаверса, ғарб мамлакатлари ҳам Россияда ишлаб чиқарилган вакцинанинг имкониятларига шубҳа билан қарамоқда.
Аммо россиялик олимлар коронавирусга қарши вакцинанинг хавфсизлиги ва самараси юқори эканини ишонч билан таъкидлашмоқда. Чунки препарат бир неча бор одамларда синаб кўрилган ва тест синовларида иштирок этган одамларда эмлаш таъсири яхши кечган.
Масалан, таниқли олим, Гамалей номидаги эпидемиология ва микробиология илмий текшириш институти директори Александр Гинцбург "Россия 1" телеканалига интервью бериб, «Россияда яратилган янги вакцина одамларни камида икки йил коронавирус юқишидан асраши»ни маълум қилди.
"Вакцинанинг таъсир кучи ярим ёки бир йилга эмас, балки камида икки йилгача давом этади", — деди олим.
Коронавирусга қарши вакцина яратилгани ҳақидаги хабар дунё аҳли қалбида умид чироғини ёққани шубҳасиз. Энди унинг одамларга тарқатилиши қолди, халос. Шундай бир пайтда, халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашда жаҳон бўйича қанча харажат кераклигини ҳам ҳисоблаб кўрмоқда.
Масалан, ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамиятнинг COVID-19га қарши курашга сарф-харажати 100 миллиард долларни ташкил этади.
"COVID-19нинг иккинчи тўлқини оқибатларини бартараф этишга яна 10 триллион доллар сарфлашдан аввал, бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра янги воситалар, айниқса, янги вакцина учун 100 миллиард доллар сарфлаш ўринли", - деди у Женевада ўтказилган брифингда.
ЖССТ бош директорининг айтишича, биринчи навбатда, COVID-19га қарши кураш учун ишлатиладиган воситаларни яратиш, ишлаб чиқариш, мувофиқлаштириш, харид қилишни жадаллаштириш бўйича ЖССТнинг халқаро дастури учун 31,3 миллиард доллар керак.
Коронавирусга қарши кураш ҳали сусайгани йўқ
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, коронавирусга қарши кураш ҳали давом этмоқда. Унинг олдини олиш,олиш даволаш, бартараф этиш билан боғлиқ ўта долзарб масала ҳозиргача узил-кесил ҳал этилгани йўқ. Шу боис ЖССТ одамларни ҳушёрликка чақирмоқда.
"Кам одам вирусга чалинган ва иммунитет ҳосил қилган. Шуни унутмаслик керакки, дунёда ҳали жуда кўп одамлар вирусни юқтириши эҳтимоли юқорилигича қолмоқда", - дейди ЖССТ мутахассиси Женевада бўлиб ўтган брифингда.
Энг катта хавф вируснинг аҳоли орасида тарқалишидир. Шу боис ЖССТ барчани вазиятга масъулият билан қарашга, имкон қадар одамлар тўпланган жойга бармасликка ва албатта, ниқоб тақишга чақирмоқда.
"Ҳозирги сокинлик эҳтимол биринчи тўлқиндан ўтиб олганимизни билдирар, лекин у бизни тўфон марказида эканимизга ишора қилаётган бўлиши ҳам мумкин", дейди экспертлар.
Интернет материаллари асосида Саидмурод Раҳимов тайёрлади,