Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коронавирус инсон танламаяпти: Канада бош вазиридан сўнг, Бразилия президенти ҳам вирусга чалинди
20:47 / 2020-03-13

Коронавирус 110 дан ортиқ мамлакатга тарқалди.


Коронавирус 110 дан ортиқ мамлакатга тарқалди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотига қараганда, бир кеча кундузда тўртта мамлакат ва ҳудудда — Француз Полинезияси, Туркия, Гондурас ва Кот-дʼИвуарда коронавирус аниқланди. Қозоғистонда ҳам коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов маълум қилди.

Унинг айтишича, “касаллик Германиядан келган беморлардан чиқди”. Улар Олмаотадаги юқумли касалликлар стационарида изоляция қилинган. Қозоғистон ҳудудида коронавирусга чалинган шахслар билан алоқада бўлганларни қидириб топиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Мамлакатда Наврўзга бағишланган тадбирлар ва Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий парад бекор қилинди. Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Курмангалининг маълум қилишича, бу қарорни давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев қабул қилган.

Ҳиндистон ҳукумати профилактик чоралар кўриш, COVID-2019 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор тадбирларга қўл урди. Дипломатик визалар, БМТ ишчи визаси ва лойиҳалар бўйича визалардан ташқари барча визаларнинг берилиши ва амал қилиши 2020 йил 15 апрелгача тўхтатилади. Мазкур тартиб 2020 йил 13 мартга ўтар кечаси 00:00 дан бошлаб кучга кирди. OCI карточкаси соҳиблари, яъни Ҳиндистонга визасиз кириш имкони борларнинг ҳам 15 апрелгача мамлакат ҳудудига кириши чекланади. Муайян сабаблар туфайли Ҳиндистон ҳудудига кириши керак бўлган хориж фуқаролари ўша мамлакатдаги дипломатик идорага мурожаат қилишига тўғри келади.
Мамлакат ҳудудига кириб келаётган Ҳиндистоннинг барча фуқаролари, қолаверса, Хитой, Италия, Эрон, Жанубий Корея, Франция, Германия, Испания фуқаролари ва 2020 йил 15 февралдан кейин келган барча инсонлар камида 14 кунлик карантинга олинади.

Мамлакатга келаётган барча инсонлар, жумладан, Ҳиндистон фуқароларининг зарур бўлмаган ташрифлардан воз кечиши тавсия этилади. Ҳиндистонга келган фуқаролар 14 кунлик карантинга олиниши маълум қилинган. Мамлакатнинг қуруқлик орқали халқаро ҳаракатлари кучли текширув воситалари билан жиҳозланган махсус ўтиш-назорат нуқталари билан чекланади. Бу ҳақда Ҳиндистон ички ишлар вазирлиги алоҳида огоҳлантирилган.

Италияда таҳсил олаётган Ҳиндистон талабалари ва фуқароларидан таҳлиллар олиш ва тегишли текширувлар ўтказиш тавсия этилади. Кимда салбий натижа қайд этилса, қайтишга рухсат берилади ва Ҳиндистонда 14 кун карантинга жойлаштирилади.

Франция президенти Эммануэль Maкрон COVID-19 коронавируси тарқалиши сабаб 16 мартдан бошлаб мамлакатдаги барча таълим муассасаларини ёпиш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилади Le Figaro газетаси.

Туркманистон билан чегараларнинг ёпилишидан сўнг Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида помидор ва бодрингнинг нархи икки бараварга қимматлагани борасида хабарлар тарқалди.

13 март куни “Чон-Қапка-автойўл” назорат-ўтиш пунктида Қирғизистондан Қозоғистонга ноқонуний равишда товарлар олиб чиқилишининг олди олинди. Қирғизистон Давлат Чегара хизматининг маълум қилишича, ҚР фуқаросига тегишли автомашина текширилганида 95 минг 600 дона тиббиёт ниқоби топилди, улар қуруқ мева солинган қопга яширилган эди. Қўлга туширилган маҳсулотнинг умумий қиймати 1 миллион 400 минг сомга тенг.

ДЧХнинг таъкидлашича, 3 февраль куни ҳукумат 6 ой муддатга вақтинча дори-дармон ва тиббиёт маҳсулотларини Қирғизистондан олиб чиқилишини таъқиқланди.

Аввалроқ ҳукумат Қирғизистонда тиббиёт ниқоблари етишмаётгани боис, мамлакат корхоналарида уларни ишлаб чиқариш бошланганини маълум қилганди.

Канада бош вазири Джастин Трюдонинг рафиқаси коронавирусга чалинди. У касалликнинг енгил формасини бошдан кечирмоқда. Аёл изоляцияда ушлаб турилибди. Бу ҳақда Канада бош вазири идораси маълум қилди. Трюдо ўзини яхши ҳис қилмоқда, унда касаллик аломатлари йўқ. У бош вазир лавозимни 14 кун мобайнида карантинда бўлган ҳолда бажариб туради. Унинг вирусга чалинганлигини текшириш режалаштирилмаган.

Нью-Йоркдаги БМТ идорасида илк касаллик аниқланди. У – филиппинлик дипломат бўлиб, 9 март куни ишга чиққан эди. БМТдаги Филиппин ваколатхонасининг барча ходимлари карантинга жойлаштирилди.

Коронавирус учун тестни Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳам топширди. У бундан аввал янги коронавирус тарқалишини “ўйлаб топилган“ дея таърифлаган эди. Болсонару ёрдамчиси Фабио Вайнгартен коронавирусга чалингани борасида тарқатилган хабардан сўнг тест топширди. Ўтган шанба куни Вайнгартен Бразилия делегацияси таркибида АҚШда сафарда бўлган вақтида Президент Дональд Трамп билан бир бинода овқатланган эди. Таъкидланишича, у ташриф вақтида Трамп ва АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан яқин мулоқотда бўлган ва ҳаттоки улар билан ёнма-ён туриб, суратга тушган. Бироқ Оқ уйда Трамп ва Пенс бразилиялик амалдор билан деярли мулоқот қилишмагани маълум қилинган. Трамп журналистлар билан суҳбатда бирор хавфни ҳис қилмаётганини айтди. У Бразилия делегацияси аъзосида вирус аниқланганидан хавотирда эмаслигини таъкидлаган.

Англиянинг “Челси“ футбол клуби ўйинчиларидан бири Каллума Хадсона-Одоида коронавирус аниқлангандан сўнг карантинга кетди. Бундан аввалроқ “Арсенал“ бош тренери Микел Артетада коронавурус аниқлангандан сўнг карантинга кетган эди.

Европа мамлакатларида коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли мактаб ва университетлар ёпилмоқда. Пайшанба куни Португалияда ўқув муассасалари беркитилгани ҳақида эълон қилинди. Францияда мактаблар, университетлар ва болалар боғчалари душанбадан беркитилади. Австрия Хитойдан кейин коронавирусга чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Италиядан келувчилар учун чегараларни беркитди.

Йирик шаҳарларда музейлар ёпилмоқда, АҚШда эса Калифорниянинг “Диснейленд“ини ёпига қарор қилинди.