Коронавирус дунёга тарқалиб улгурдими?
Куни кеча Хитой коронавирус юқтириш бўйича яна 508 ҳолат қайд этилганини эълон қилди.
ШАРҲ
Куни кеча Хитой коронавирус юқтириш бўйича яна 508 ҳолат қайд этилганини эълон қилди. Уларнинг катта қисми офат ўчоғи саналаётган Ухань шаҳридан бўлиб чиқди. Умуман олганда, мамлакатда жами 77 минг кишига коронавирус юққани айтилмоқда, улардан 2663 киши эпидемия қурбони бўлган.
Таассуфки, аввал бошда коронавирус фақат Хитойда тарқалгани айтилганди. Бу офат мамлакат чегарасидан ташқарига чиқмайди, деб кўнглини хотиржам қилганлар ҳам бўлди. Хитой ҳукумати эса касаллик назорат остига олингани, юқтириш ҳолати камайиб бораётгани ҳақда бот-бот таъкидлади. Аммо коронавирус ҳали орқага чекинмаётгани, аксинча, энди бошқа мамлакатларга ҳам шитоб билан кириб бораётгани дунё аҳлини ташвишга солиб қўймоқда.
Жанубий Кореяда ҳозиргача коронавирусдан 10 киши қурбон бўлди, вирусни юқтирганлар сони эса мингдан ошган. Ҳатто, АҚШнинг ушбу мамлакатдаги қаттиқ қўриқланадиган ҳарбий базасида хизмат қилаётган бир аскарда ҳам вирус аниқланди. Айни пайтда, АҚШ ҳукумати ўз фуқароларига агар жуда зарур бўлмаса, Жанубий Кореяга бормай туришни тавсия қилмоқда. Бошқа давлатлар ҳам шу фикрда, самолёт қатновларини бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.
Японияда ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Кунчиқар мамлакатида ҳозиргача 850 дан ортиқ киши вирус юқтирган. Уларнинг кўпчилиги карантинда сақланмоқда. Океанда сузиб юрган саёҳат кемасидаги туристларнинг оммавий хасталаниши туфайли лайнер ҳамон қирғоққа яқинлаштирилмаяпти. Кемада тўрт киши вафот этган.
Ҳозир коммуникация воситалари, транспорт имкониятлари жуда ривожланган. Бир мамлакатдан бошқа мамлакатга бориш учун 40 кунлаб йўл босилади, деган гаплар энди эртакка айланган. Аммо, фақат инсон ҳаракати тезлашган, десак хато бўлади. Инсон дунёнинг бир нуқтасидан бошқа бир нуқтасига қанчалик тез етиб бормасин, коронавирус ҳам у билан бир вақтда ўша шаҳарга ёки манзилга кириб бормоқда.
Бир неча кун бўлдики, халқаро ҳамжамиятнинг нигоҳи Эронга қаратилган. Чунки Эронда ҳам касаллик ҳолатлари кутилмаганда кўпайиб бормоқда. Бу ерда вирус юқтирганлар сони аллақачон 100 кишидан ошиб кетди, вафот этганлар сони эса 20 кишига яқинлашди.
Эронга яқин бўлган Форс кўрфази мамлакатлари, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн самолёт қатновларига чеклов жорий қилмоқда. Покистон эса чегарасини вақтинча ёпишга мажбур бўлди.
АҚШ вирусга қарши курашиш учун 2,5 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Чунки, АҚШда ҳам 53 киши коронавирус юқтиргани айтилмоқда.
Коронавирус эпидемиясига чалинганлар Германия, Франция, Испанияда ҳам қайд этиляпти, бу борада Италияда аҳвол айниқса, чатоқроқ. Апеннин оролида жами касалликка чалинганлар сони 280 кишидан ошди. Етти киши вафот этди, уларнинг олти нафари Ломбардия вилоятидан.
Ўтган якшанба куни Италия ҳукумати эпидемиянинг олдини олиш учун бир қатор фавқулодда чоралар кўрди. Ломбардия ва Венециянинг айрим шаҳарларига карантин жорий қилинди. Энди бир неча кун тахминан 50 минг киши уйларини рухсатсиз тарк эта олмайди. Ҳатто, айрим муҳим футбол учрашувлари бўш стадионларда ўтказиладиган бўляпти.
Таиландда декабрь-январь ойида жами 40 киши хасталанган бўлса, уларнинг 24 нафари тўлиқ соғайиб кетди. Қолганлари эса, ҳамон касалхонада врачларнинг қаттиқ назорати остида сақланмоқда.
Озарбайжонда ҳам етти киши касалхонага ётқизилди. Уларнинг беш нафари Эрон фуқароси бўлиб чиқди. Умуман, ушбу мамлакатда ҳозиргача жами 20 киши коронавирус юқтириб олгани учун карантинда сақланмоқда.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти мутахассислари коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш учун яна икки йил керак бўлишини айтмоқда. Лекин COVID-19, деб аталаётган офат дунё бўйлаб ўзининг “салб” юришини давом эттирмоқда, у на чегарани билади, ва на тўсиқни кўради. Бир умид шуки, қиш совуғи орқага чекиниб, кунлар тезроқ исиб кетсин. Табиий офатни табиатнинг ўзи енгмаса, инсон ҳозирча ожизлик қилмоқда.